Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларига ёпирилган табиий офат, Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омборида рўй берган техноген ҳодиса қурилиш соҳасидаги коррупция ва сифат даражаси қандайлигини яна бир бор намойиш этди.
Мавзу долзарблигидан келиб чиқиб, Kun.uz мухбири сифатсиз қурилишларга қачон барҳам берилиши, қурилиш соҳасида тендер савдолари қандай ўтказилишига яна бир бор ойдинлик киритиш мақсадида Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов билан онлайн мулоқот қилди.
Қурилиш пудратчиларини вилоят раҳбарлари белгилаб келган
– Президент қурилиш муаммоларига бағишланган йиғилишлардан бирида тендерларни электрон тизимга ўтказиш, илғор давлатлардаги каби қурилиш компанияларининг рейтинг тизимини ишлаб чиқиш ва шу асосда тендер ўтказиш бўйича топшириқ берганди.
Бундан аввал, 2 йил мобайнида, тендер ўтказилмасдан, вилоят раҳбарлари, яъни буюртмачилар томонидан пудратчи ташкилотлар белгиланган.
Ўша йиғилишда давлат раҳбари қурилиш соҳасида тендерсиз иш олиб борилмаслигини, аксинча фақат тендер орқали иш юритилишини айтган. Шундан сўнг, барча бюджет қурилиш объектлари тендерга ўтказилган. Лойиҳалар тежаш, сифат ва бошқа жиҳатлари юзасидан қайтадан экспертизадан ўтказилиб, тендерга қўйилган.
2020 йил августида тендер портали ишга тушади

– Бу йил 100 фоиз рақамли тендер порталини яратиш устида ишлар олиб борилмоқда. У август ойида ишга тушади.
2021 йилги ижтимоий қурилиш лойиҳалари кейинги йил бошига ушбу портал орқали тендерга қўйилади.
Пудратчини танлашда рейтинг инобатга олинади
– Портални ишлаб чиқишда, Туркия, Россия ва Хитой тажрибаси ўрганилди. Уларда пудрат ташкилотини танлашда пудратчининг ишлари бўйича қўйган нарх-наволардан ташқари, унинг рейтинги ҳам инобатга олинади.
Яъни қандай ишлар бажарган, қанча ишчиси бор, уларнинг неча нафари сертификатланган мутахассислар экани, қанча техникаси борлиги ва бажарган ишларининг сифати каби тамойиллар асосида пудратчи танланади.









