Ўзбекистон | 15:36 / 12.05.2020
30966
2 дақиқада ўқилади

Андижон ва Сурхондарё ҳам коронавирусдан холи ҳудуд бўлишга яқинлашмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Андижон, Наманган ва Сурхондарёда жами 8 нафар бемор коронавирусдан соғайгани тўғрисида маълумот берди.

12 май куни Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус инфекцияси билан даволанаётган беморлардан яна 4 нафари буткул соғайди.

Уларнинг 2 нафари эркак, 2 нафари аёл бўлиб, 3 нафари Андижон шаҳридан, 1 нафари Олтинкўл туманидан.

Вилоятда жами 169 нафар бемор ушбу касалликка чалинган бўлиб, шу вақтгача уларнинг 162 нафари ёки 95 фоизи буткул соғайди. Ҳозирда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 7 нафар бемор даволанмоқда.

Сурхондарёда 2 нафар беморга жавоб берилган. Уларнинг 1 нафари (64 ёшли эркак) ушбу вилоятдан бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Яна 1 нафари (43 ёшли эркак) Самарқанд вилоятидан бўлиб, узоқ масофага қатновчи автомашина ҳайдовчиси. У Россиядан Тожикистон орқали Сурхондарёга кириб келган ва карантинга олинган, коронавирус инфекцияси аниқлангач, шифохонага ётқизилган.

Эндиликда вилоятда соғайганлар сони 38 нафарга етди. Шу пайтгача вилоятда коронавирус инфекциясининг аниқланиш ҳолати 44тани ташкил этмоқда. Бугунги кунда ушбу ҳудудда 6 нафар бемор даволанмоқда.

Наманганда ҳам 2 бемор соғайган. Уларнинг иккиси ҳам ушбу вилоятдан (54 ёшли эркак Наманган туманидан, 72 ёшли эркак Наманган шаҳридан). Улар коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган.

Эндиликда вилоятда тузалганлар сони 197 нафарни ташкил этмоқда. Шу пайтгача вилоятда коронавирус инфекциясининг аниқланиш ҳолати 240тани ташкил этмоқда. Бугунги кунда ушбу ҳудудда 39 нафар бемор даволанмоқда.

Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 1996 нафарга етди.

Мавзуга оид