Ўзбекистон | 04:51 / 13.05.2020
67686
2 дақиқада ўқилади

ССВ тез ёрдам машиналарининг шаҳар шифохонаси ёнида тўпланиб туришига изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда тунги вақтда Тошкент шаҳар "Ибн сино" номли 1-сон клиник шифохонаси ёнида тўпланиб турган кўплаб тез тиббий ёрдам машиналари тасвири туширилган видеолавҳа тарқалди. 

Видео муаллифи шифохона ёнидаги йўл бўйида элликдан ортиқ тез тиббий ёрдам машиналари турганини айтаркан, вазият юзасидан ўз хавотирини билдиради. 

Бу ҳолатга ойдинлик киритиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев билан боғландик. 

– Ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ, ҳаммаси назорат остида. Тез тиббий ёрдам машиналари аэропортдан келишмоқда. Маълумки, 10 май куни соат 23.00да махсус чартер рейс орқали Деҳлидан 263 нафар юртдошимиз Тошкентга олиб келинди. Улар орасида 2 нафар Қозоғистон ва 1 нафар Россия фуқароси ҳам бор. 

Йўловчиларнинг 140 нафарини оғир операцияни бошдан кечирган, мураккаб касалликлардан даволанаётган беморлар ва уларнинг ҳамроҳлари ташкил этади. Шу боис улар тез тиббий ёрдам машиналари орқали Тошкент шаҳар 1-клиник шифохонасига олиб бориб жойлаштирилди. У ерда даволаниш муолажаларини давом эттиришади, бир вақтнинг ўзида 14 кунлик карантин режимини ҳам ўташади.

Қолган 123 нафар йўловчи 14 кун давомида Юқори Чирчиқдаги муассасада карантин режимини ўтайди. 

Ҳиндистондан чартер рейс орқали қайтарилган фуқаролардан зудлик билан коронавирусга тест таҳлили олинди. Дастлабки текширувларга кўра, уларда коронавирус аниқланмаган, – деди Фурқат Санаев ҳолат юзасидан изоҳ бераркан.

Мавзуга оид