Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев Ўзбекистонда амалга оширилаётган коронавирусга қарши чора-тадбирлар, шунингдек, вакцинация жараёнининг икки ойлик таҳлили бўйича баёнот берди.

Шу вақтгача юртимизда қанча вакцина қўлланди?
Ўзбекистонда март ойи охирида вакцинациянинг биринчи босқичига, апрель ойи охирида иккинчи босқичга, май ойида эса учинчи босқичга старт берилди.
Ўзбекистонга шу вақтгача:
- AstraZeneca’нинг — 660 минг доза;
- ZF-UZ-VAC2001’нинг — 3 ярим миллион доза;
- «Спутник V» вакцинасининг — 170 минг доза партиялари келтирилган.
Апрель-май ойлари давомида 2 миллион дозадан ортиқ вакцина қўлланиб, биринчи босқичда 1 354 785 нафар, иккинчи босқичда 714 239 нафар, учинчи босқичда эса 494 нафар фуқаро эмланди.
Шу йилнинг 31 май ҳолатига кўра, икки ой давомида Ўзбекистонда фуқаролар:
- 646 минг 116 доза AstraZeneca;
- 1 миллион 351 минг 807 доза ZF-UZ-VAC2001;
- 71 минг 595 доза «Спутник V» вакцинаси билан эмланган.
Шу вақтгача аҳолининг қайси қатлами энг кўп вакцина олди?

Ўзбекистонда эмлаш жараёнлари бошланганда биринчи галда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари, Тошкент шаҳри ва бошқа катта шаҳарлар, кейинчалик туман марказлари ва кичик шаҳарлар аҳолисини, ундан сўнг эса бошқа ҳудудларни оммавий эмлаш тадбирлари билан қамраб олиш кўзда тутилганди.
Ушбу режа асосида апрель ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари, Тошкент шаҳри ва бошқа катта шаҳарларда 65 ёш ва ундан ошган фуқаролар ва тиббиёт ходимлари оммавий эмлаш тадбирларига жалб қилинган бўлса, кейинчалик туман марказлари ва кичик шаҳарларда яшовчи аҳоли ҳам эмлашга жалб этилди.















