Жаҳон | 18:15 / 13.05.2020
11864
2 дақиқада ўқилади

«Толибон» Афғонистон ҳукуматига қуролли жавоб қайтариш билан таҳдид қилди

Аввалроқ Афғонистон президенти Ашраф Ғани барча куч тузилмаларига "Толибон"га қарши курашда "ҳужум" шаклига ўтишни буюрганди.

Фото: AP Photo / Rahmat Gul

"Толибон" ҳаракатининг ҳарбий тузилмалари Афғонистон куч тузилмаларига қарши жавоб қайтаришга тайёр, дейилади ҳаракат вакили Забиҳулло Мужоҳиднинг баёнотида.

Аввалроқ Афғонистонда содир этилган иккита террорчилик ҳаракатидан сўнг мамлакат президенти Ашраф Ғани барча куч тузилмаларига "Толибон"га қарши курашда "ҳужум" шаклига ўтишни буюрганди.

"Бундан буён зўравонликнинг кучайиши ва унинг оқибатлари учун жавобгарлик тўлалигича Кобул маъмурияти зиммасида бўлади, чунки "Ислом амирлиги" ҳар қандай вазиятга тайёр. "Ислом амирлиги"нинг қуролли тузилмалари душманнинг барча ҳаракатлари ва ҳужумларига қарши туришга тўлиқ шай ҳолатда", - дейилади Мужоҳиднинг баёнотида.

У шунингдек, "Толибон" ва Нангарҳор вилоятида ИШИД амалга оширган ҳужумларни кескин қоралашини маълум қилди ва "Толибон" ИШИДга қарши кўплаб операцияларни ўтказганини эслатди.

Сешанба куни Кобулдаги касалхона биносига қилинган ҳужум оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, 15 киши жароҳатланди. Шунингдек, Нангарҳор вилоятида полиция бошлиғининг жаноза маросими вақтида содир бўлган портлашда 24 киши ҳалок бўлди ва 68 киши яраланди. Франс Пресс агентлигининг хабар беришича, ушбу ҳужум учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган.

Мавзуга оид