Жаҳон | 15:09 / 16.05.2020
33154
3 дақиқада ўқилади

ЖССТ коронавируснинг болалар учун хавфли оқибатидан огоҳлантирди

Дунёнинг турли бурчагидаги шифокорлар SARS-CoV-2 вируси тарқалиши оқибатида ҳали тўлиқ ўрганилмаган Кавасаки синдромига чалинаётган болалар сонининг ўсиши кузатилаётганидан хабар беришди.

Фото: REUTERS

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус барча мамлакатлардаги шифокорлардан коронавирус юқтириб олган болаларда Кавасаки синдроми (мультисистемали яллиғланиш синдроми) аломатлари пайдо бўлаётганига алоҳида эътибор қаратишни сўради.

«Сўнгги пайтларда Европа ва Шимолий Америкадан келаётган хабарларда интенсив терапия бўлимларига мультисистемали яллиғланиш ҳолатига тушиб қолган, Кавасаки синдромига ва заҳарли шок синдромига ўхшаш аломатларга эга болалар ётқизилаётгани айтилмоқда», — деди Гебрейесус.

Дастлабки маълумотларга қараганда, бу синдромнинг ривожланиши айнан коронавирус билан зарарланиш оқибатида юзага келган бўлиши мумкин.

«Бу клиник синдромни зудлик билан синчиклаб ўрганиш, унинг келиб чиқиш сабабларини тушуниш ва даволаниш йўлларига таъриф бериш лозим... Бутун дунё шифокорларини болалардаги бу хавфли синдромдан огоҳ бўлишга, ҳукумат вакиллари ва ЖССТ билан ҳамкорлик қилишга чақираман», деди ЖССТ раҳбари.

Гебрейесуснинг сўзларига кўра, ЖССТ бу синдромнинг дастлабки таърифларини ва у аниқланган ҳолатларда тўлдириладиган ҳисобот шаклини ишлаб чиқди.

Кавасаки синдромига биринчи марта 1967 йилда япониялик педиатр Томисаку Кавасаки томонидан таъриф берилган. Одатда у 5 ёшгача бўлган болаларни зарарлайди. Бу синдром оқибатида беморда қон томирлари яллиғланиши (васкулит) ва безгак бошланади. Баъзан аневризма, тромб ва боланинг ўлимига олиб келади. Ҳозирча бу касалликни даволашнинг самарали усуллари йўқ. Бунда шифокорлар асосан симптомларга қарши даволаш усулидан фойдаланишмоқда.

Коронавирус билан касалланган болаларда Кавасаки синдромига ўхшаш аломатлар пайдо бўлаётгани ҳақидаги хабарлар дастлаб апрель ойининг охири, май ойининг бошида пайдо бўлди. Хусусан, 27 апрель куни Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Ҳэнкок, 5 май куни Нью-Йорк маъмурияти бу ҳақда хабар беришди. 

13 май куни The Lancet тиббиёт нашри Италиянинг коронавирус ўчоғига айланган Бергамо вилоятида Кавасаки синдроми билан хасталанган беморлар сони кескин ошгани ҳақида ёзди.

«SARS-CoV-2 эпидемияси Кавасаки касаллиги оғир шаклларининг тарқалишига олиб келди. Эпидемия авж олган бошқа мамлакатларда ҳам унинг хуруж қилиши кутилмоқда», — дейилади тадқиқот хулосаларида.

Мавзуга оид