Ҳужжатда кўрсатилишича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
болалар ва уларнинг қонуний вакиллари орасида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тушунтириш, бола ҳуқуқлари ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти ҳақидаги халқаро ҳамда миллий нормалар қоидаларини тарғиб қилиш;
жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, болалар ҳамда улар қонуний вакилларининг бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш орқали боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш;
бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг ижросини ўрганиш;
ўз ваколати доирасида бола ҳуқуқлари ва эркинликлари халқаро стандартларини қонун ҳужжатларига татбиқ этишни ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятида бола ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш;
боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш ва уларни ҳимоя қилиш ҳолатидан жамоатчиликни хабардор қилиш;
имконияти чекланган болалар, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбия муассасаларини тамомлагандан кейин уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш;
тарбия муассасаларини тамомлаган уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг мақсадли коммунал уй-жой фондидаги белгиланган санитария ва техник меъёрларга ҳамда қонун ҳужжатларининг бошқа талабларига жавоб берадиган турар жой билан таъминланишига кўмаклашиш.
Қарорда белгиланишича, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда бажаради.
Вакил дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади ва у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.

















