140дан ортиқ шаҳарда норозилик намойишлари

25 май куни АҚШнинг Миннеаполис шаҳридаги озиқ-овқат дўкони сохта 20 долларлик пул билан тўлов қилмоқчи бўлган харидор устидан шикоят қилди. Гумондор Жорж Флойдни қўлга олиш жараёнида полиция ходими Дерек Шовин уни қарийб тўққиз дақиқа давомида ерга ётқизилган ҳолда бўйнидан тиззаси билан босиб турди. Натижада Флойд бўғилиб ўлди. У нафас ололмаётганини қайта-қайта айтганига қарамай, унинг сўзларига аҳамият берилмади. Ҳатто у ҳушини йўқотганидан кейин ҳам, уч дақиқадан кўпроқ вақт давомида бўйни эзиб турилди.

Ушбу воқеа тасвирлари интернетда тезлик билан тарқалиши АҚШнинг 140дан ортиқ шаҳарларида норозилик намойишларини келтириб чиқарди. Тартибсизликлар давомида кўплаб ўғрилик ва безорилик ҳолатлари кузатилди, транспорт воситалари ёқиб юборилди, бинолар шикастланди. Асосий намойиш нуқталарида эса полициянинг доимий равишда қора танлиларга нисбатан куч ишлатишига қарши оломон ғазаби ошкора тарзда ифода этилди. Кўплаб намойишчилар учун ушбу воқеа узоқ йиллар давом этган ижтимоий-иқтисодий тенгсизлик ва ирқий камситишга қарши норозилик кураши бўлмоқда.

Сиёсатчилар ва амалдорлар бир-бирларини айблаш билан банд

Мамлакатда содир бўлган воқеалардан кейин 40дан ортиқ шаҳарда, хусусан, Нью-Йорк ва Вашингтонда ҳам комендантлик соати эълон қилинди. 20дан ортиқ штатда АҚШ армиясининг Миллий гвардия бўлинмаларига намойишларни назорат қилиш вазифаси юкланди. Аммо кўрилган ушбу чораларга қарамай, одамларнинг кўчага чиқиши тўхтамади, намойишларнинг олдини олиш имкони бўлмади. Флойдни бўғиб ўлдирган полиция ходими учинчи даражали қотилликда айбланди. Юзлаб намойишчилар ўқотар қуроллардан фойдаланганлик, ўғирлик, талончилик ва тартибсизликлар учун ҳибсга олинди.

Ҳамон давом этаётган намойишлар АҚШ жамиятида чуқур сиёсий бўлинишларга сабаб бўлди. Ҳозирда сиёсатчилар ва амалдорлар умумий ҳаракатлар режасини тузиш ўрнига бир-бирларини айблашга ўтиб кетишмоқда.

Масалан, демократлар президент Дональд Трампни етакчилик қила олмаганликда, айтган гаплари ва хатти-ҳаракатлари билан мамлакатдаги ирқий ажралишни янада чуқурлаштириб юборишда айбламоқда.

Трамп эса демократларни ноқонуний намойишларни қўллаб-қувватлаш ва мамлакатни ғавғога қориштирган гуруҳларнинг бир парчасига айланишда айбламоқда. Ҳар икки томон ҳам содир бўлаётган воқеалардан ўз сиёсий манфаатларига мос равишда фойдаланишга ҳаракат қилишаётганини яшириб ўтиришмаяпти.