2020 йилнинг 1 май санасидан хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ўз фаолиятини бошлагани ва шу куни Қўқон шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Ф.Хожиматов томонидан биринчи нотариал ҳаракат амалга оширилгани ҳақида хабар берилган эди.
Орадан бир ойдан ошиқ вақт ўтиб, ушбу тизимда айрим муаммолар юзага чиқа бошлади. Таҳририятга хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслардан келаётган бир қанча мурожаатлар шуни кўрсатмоқда.
“Ҳисоб рақамларимизга пул туширишмаяпти, ходимларимизга ойлик беришимиз керак, ўзимиз ҳам маош олганимиз йўқ. Бунинг натижасида рўзғор тебратишда қийинчиликлар юзага келяпти. Айниқса, ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ ҳозирги карантин пайтида ходимларга ўз вақтида маош бериш лозим”, - дейилади таҳририятга йўлланган мурожаатлардан бирида шахси сир қолишини истаган нотариус.
“Ходимлар ойликларини талаб қилишяпти. Уларга нима деб жавоб беришни ҳам билмайман, хижолатли аҳволда қолдим, Адлия вазирлиги томонидан республикадаги нотариуслар учун ташкил этилган телеграм гуруҳида бир неча марта ёзиб, вазият бўйича тушунтириш беришларини илтимос қилдик. Бироқ ҳеч кимдан тайинли жавоб олганимиз йўқ”, - дейилади яна бир мурожаатда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5816-сонли Фармони билан давлат нотариал идораларини босқичма-босқич нодавлат нотариал идоралар этиб қайта ташкил қилишга розилик берилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 мартдаги 156-сон қарорига мувофиқ, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун ундириладиган давлат божининг тақсимоти белгиланди.
Унга кўра, давлат божидан тушган тушумнинг 80 фоизи туман (шаҳар)лар бюджетлари даромадига, 10 фоизи Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармасига, қолган 10 фоизи эса хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг банкдаги ҳисобварағига йўналтириладиган бўлди.








