Олий Мажлис Сенати низосиз талабларни ҳал этишни соддалаштиришга оид қонунни маъқуллади.

Унга кўра, қонунда белгиланган мезонларга мос, базавий ҳисоблаш миқдорининг минг баравари (440 млн сўм)гача бўлган низосиз талаблар бўйича нотариусга мурожаат қилиш имконияти яратилади.

Бу орқали бундай талабларни суд тартибига мурожаат қилмасдан, нотариус орқали расмийлаштириш ва ижрога қаратиш механизми соддалаштирилади.

Мазкур қонуннинг қуйи палатадаги муҳокамасида қуйидагиларга оид қарздорликлар бўйича низосиз талаблар ҳақида сўз борганди:

  • ижара тўловлари;

  • кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловлар;

  • коммунал хизматлар;

  • алоқа хизматлари.

Санаб ўтилган тўловлардан қарздорликни ундириш билан боғлиқ талабларнинг миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваридан кўп бўлган тақдирда, амалдаги таомил асосида – суд томонидан, буйруқ тартибида кўриб чиқилади. БҲМнинг минг баробаридан кам бўлган низосиз талабларга доир ишлар эса нотариуслар томонидан кўриб чиқилади.

Сенат матбуот хизмати хабарига кўра, 10 сентябр куни маъқулланган қонунга биноан нотариуслар томонидан расмийлаштириладиган QR-кодли ижро хатлари электрон шаклда ижро органларига тўғридан тўғри юборилади. Б – ҳужжатларни қоғоз шаклида тақдим этиш билан боғлиқ ортиқча жараёнларни қисқартиради.

Бундан ташқари, Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиришлар киритилиб, қонуний кучга кирган суд ҳужжати устидан шикоят қилинганда унинг ижросини юқори инстанция судида тўхтатиб туриш механизми такомиллаштирилмоқда. Бунда ижрони тўхтатиб туришни сўраган шахс бундай чора кўрилмаса, қайтарма ижрони қийинлаштириши ёки уни бажариб бўлмайдиган қилиб қўйиши мумкинлигини асослаши лозим бўлади.

Сенаторларга кўра, бу ўзгартишлар судларнинг иш юкламасини камайтиради, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг вақти ва харажатларини тежайди, низосиз талабларни тезкор расмийлаштириш ҳамда ижро самарадорлигини оширишга хизмат қилади.