Жамият | 08:27 / 12.06.2020
46622
2 дақиқада ўқилади

Сардобада яшовчи фуқароларнинг норозилиги акс этган видеога изоҳ берилди

Сардоба тумани ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар бўйича муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилояти Сардоба тумани Дўстлик маҳалласида 28 хонадон фуқаролари норозилиги намойиш этилган видеолавҳа тарқалди. 

Сардоба тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, ушбу фуқароларнинг хонадонлари махсус комиссияни қарори билан яроқсиз деб топилганлиги аниқланиб, ушбу хонадон эгаларига ҳам Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, шунингдек, маиший техникалар учун сертификатлар топширилган. 

“Ҳозирда туман ҳокимлиги томонидан бузилиш ишлари тўхталиб, ушбу вазият юзасидан махсус комиссия ва вилоят ҳокимлигига маълумот киритилган.

Шунингдек, Халқ депутатлари Сардоба туман Кенгаши депутатлари томонидан тузилган ишчи гуруҳ ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борилмоқда”, - дейилади маълумотда.

Жорий йилнинг 1 май куни Сардоба сув омборидан сув чиқиши натижасида яқин атрофдаги фуқароларнинг уйлари, чорва моллари ҳамда ҳосилларига зарар етган. Айни пайтда уйларда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, аҳоли истиқомати учун ҳозирланмоқда. Шунингдек, туманда янги кўп қаватли уйлар қурилиши бошлаб юборилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид