Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси айрим қурилиш компаниялари атрофидаги вазиятлар юзасидан расмий муносабат билдирди. Гап уйларни топшириш муддатларининг бузилиши, харидорларга пуллар қайтарилмаслиги ва қатор қурувчи компаниялар раҳбариятига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиши ҳақида бормоқда.

Қўмита уй-жой учун маблағ киритган фуқароларнинг ҳам ваъда қилинган хонадонсиз, ҳам пулини қайтариб олиш имкониятисиз қолишини йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат деб баҳолади.

Бундай вазиятларнинг олдини олиш учун эскроу ҳисобварақлари тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу механизм Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган «Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида назарда тутилган.

Эскроу тизимида харидорнинг пули махсус банк ҳисобварағига жойлаштирилади. Маблағ қурувчига фақат белгиланган шартлар бажарилгандан кейингина ўтказилади. Қўмитага кўра, бу фирибгарлик ва фуқаролар маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш хавфини сезиларли камайтириш имконини беради.

Механизм қурилиш жараёнида жиддий муаммолар юзага келса, лойиҳага бошқа қурувчини тезкор жалб қилиш имкониятини ҳам назарда тутади. Бу дастлабки қурувчи ўз мажбуриятларини бажара олмаган тақдирда ҳам ишларни давом эттириш ва қурилишни якунлашга қаратилган.

Миллий қўмита харидорлар маблағларини ҳимоя қилиш, қурувчиларнинг мажбуриятларини бажаришини таъминлаш ҳамда ҳалол ишлаётган компаниялар учун шаффоф ва тенг шароитлар яратиш зарурлигини таъкидлади.

Қўмита фикрича, эскроу тизимини тезроқ жорий этиш муаммоли вазиятларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг қурилаётган уй-жойлар бозорига ишончини тиклаш учун муҳим қадам бўлади.