DW нашрининг Литва миллий радио ва телевидениеси — LRTʼга таяниб хабар беришича, ҳукумат лойиҳани 30 сентябр куни маъқуллаган.
Ҳужжат разведка фаолияти ва «гибрид операциялар», жумладан, ҳарбий машғулотларни кузатиш ҳамда қўшинлар ҳаракатини назорат қилиш имкониятларини камайтиришга қаратилган.
Лойиҳага кўра, Россия ва Беларус фуқаролари стратегик объектларга яқин ҳудудларда кўчмас мулк харид қила олмайди. Уларнинг вақтинчалик ёки доимий яшаш рухсатномасига эга экани истисно учун асос бўлмайди. Бироқ мулк мерос орқали олинган ҳолатларга тақиқ татбиқ этилмайди.
Қонун лойиҳаси парламент — Сейм томонидан ҳам маъқулланса, ўзгартишлар 2027 йил 1 январдан кучга киради.
Литва Марказий реестрининг жорий йил май ойидаги маълумотларига кўра, мамлакатда яшаш рухсатномасига эга 5 104 нафар Россия ва 2 781 нафар Беларус фуқароси кўчмас мулк сотиб олган. Бу мулкларнинг айримлари стратегик аҳамиятга эга объектлар яқинида жойлашган.
Хабарда қайд этилишича, Латвия ва Финландияда шунга ўхшаш чекловлар амал қилмоқда. Эстония ҳам бундай тақиқни жорий этишни режалаштирмоқда.
Литва парламенти апрель охирида Россия ва Беларус фуқароларига нисбатан санкциялар тўғрисидаги қонун амал қилиш муддатини 2027 йил 31 декабргача узайтирган эди. Янги лойиҳа кўчмас мулк харидига доир чекловларни яшаш рухсатномаси бор шахсларга ҳам кенгайтиришни назарда тутмоқда.
















