Қўмитага кўра, қурилиши режалаштирилаётган ҳар бир лойиҳага комплекс ёндашиш зарур. Кўп қаватли уйлар билан бирга яшил ҳудудлар, болалар майдончалари ва автотураргоҳлар ҳам инобатга олиниши лозим.

Шунингдек, ер майдони бир гектаргача бўлган кичик ва зич қурилишлардан воз кечиш зарурлиги таъкидланган.

Қўмита ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашларига тақдим этилаётган лойиҳаларни кўриб чиқишда учта асосий жиҳатга эътибор қаратмоқда.

Биринчиси — Бош режага мувофиқлик. Қурилиш лойиҳаси ҳудуднинг тасдиқланган Бош режасига мос бўлиши шарт.

Иккинчиси — камида 30 фоиз яшил ҳудуд. Қўмита яшил майдонлар шаҳарнинг экологик мувозанатини сақлаш ва аҳоли учун соғлом яшаш муҳитини яратишда зарурлигини қайд этган.

Учинчиси — бинолар баландлигининг инфратузилмага мослиги. Уйларнинг қаватлар сони ҳудуддаги коммунал ва ижтимоий инфратузилма имкониятларига мутаносиб бўлиши керак.