Бунгача Хитой пойтахтида 57 кун давомида аҳоли орасида бирорта ҳам янги касалланиш ҳолати қайд этилмаган, фақат хориждан келувчиларда вирус чиқаётганди.

Вирус тарқалишининг янги ўчоғи йирик «Синьфади» улгуржи бозори бўлди, бу бозор 21 миллион киши яшайдиган шаҳар истеъмолининг 80 фоизини қамрайди.

Пекиннинг 27 микроҳудудида хавфнинг ўрта даражаси жорий этилган, бозор билан ёнма-ён жойлашган Хуасян квартали эса юқори хавф даражаси эълон қилинган.

Умуман олганда, шаҳар «фавқулодда ҳолат режими»да яшамоқда.

Қандай чеклов чоралари киритилган?
28 микроҳудуд аҳолисига Пекинни тарк этиш тақиқланган. Шаҳарнинг қолган қисми аҳолиси шаҳардан чиқиши мумкин, аммо аввал коронавирусга тест топшириш керак бўлади.

28 туман аҳолисига шаҳарни тарк этиш тақиқланган, қолганлар фақат коронавирусга тест топширган ҳолда шаҳардан чиқиши мумкин

Аммо бу осон бўлмайди: BBC хабарига кўра, шаҳардаги учта лаборатория июль ойига қадар ёпилган. Бошқа лабораториялар эшигида эса узундан узун навбатлар ҳосил бўлган.

Айни вақтгача Пекиндан ва Пекинга бўлган авиарейсларнинг 1255таси бекор қилинди. Шунингдек, 9 июлга қадар темир йўл алоқаси чекланган. Такси ҳайдовчиларининг ҳам йўловчиларни етказиб қўйиш учун шаҳар ташқарисига чиқишига рухсат берилмаяпти.

Шу билан бирга, қўшни провинциялар Хубэй ва Шаньдун билан шаҳарлараро қатновлар вақтинча бекор қилинган, жумладан, Пекин аэропортига олиб борадиган йўналишлар қисқарган ёки бутунлай бекор бўлган.

Мактаблар, сузиш ҳавзалари ва фитнес-клублар яна ёпилган, спорт мусобақалари қолдирилган.

Йўллар ҳозирча очиқ, корхона ва компаниялар ҳам одатдаги режимда ишламоқда.

Ҳукумат алоҳида ҳудудлар учун алоҳида чекловлар жорий этмоқда, бир ҳудуддаги вазият иккинчисиникидан фарқ қилади. Ҳозирда февралдан фарқли жиҳати - бизнес, ҳукумат бинолари ва ишлаб чиқариш соҳалари ёпилмаганидадир.

«Кўпчилик вазият назорат остидалигига ва иккинчи тўлқин бошланмаслигига ишонмоқда», дейди BBC мухбири Стивен Макдоннелл.

Ҳаммаси нимадан бошланди?
Ўтган ҳафтада «Синьфади» бозорида импорт қилинган лососларни кесишга мўлжалланган тахта юзасида вирус аниқланди. Худди шу вақтда шаҳарда узоқ вақтдан кейин аҳоли орасида илк зарарланиш ҳолати қайд этилди.