Жаҳон | 08:51 / 25.06.2020
22652
3 дақиқада ўқилади

Дунё бўйлаб пандемиянинг янги тўлқини тарқалаётгани маълум қилинди

Фото: Reuters

Дунё бўйлаб коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини Жанубий яримшардан тарқалмоқда. Euronews телеканалининг хабар беришича, бу ерда ҳозирда кириб келган қиш фасли респиратор касалликлар, жумладан COVID-19 авж олиши мавсуми ҳисобланади.

Жумладан, Жанубий яримшарда жойлашган Австралияда сўнгги ҳафта ичида 150 га яқин касалланиш ҳолати қайд этилган. “Мен барчасини ўтмишда қолдириш истагини тушунаман, бироқ ҳозирги воқелик ўзгача ва ўзини эпидемия якунлангандек тутиш маънога эга эмас”, деб айтган Австралиянинг Виктория штати бош вазири Дэниел Эндрюс.

Шунингдек, Бразилияда янги касалланиш ҳолатлари жадал суръатлар билан кўпаймоқда. Бу ерда коронавирусга чалинганлар сони 1,190 млн кишидан ошиб кетди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу давлатдаги эпидемиологик вазиятни дунёдаги энг оғирларидан бири деб баҳоламоқда.

АҚШда инфекционистлар мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони кескин кўпаётганини таъкидлашмоқда. Жумладан, карантин чоралари бошқа штатларга кўра эртароқ юмшатилган штатларда касалланганлар сони кўпаймоқда.

Чилида эса сўнгги суткада 3649 та янги касалланиш ҳолати ва 226 та ўлим, Мексикада 6288 та касалланиш ҳолати ва 793 та ўлим, Боливияда 896 та касалланиш ҳолати ва 26 та ўлим, Гватемалада 771 та касалланиш ҳолати ва 35 та ўлим қайд этилган.

Шунингдек, мутахассислар Европада коронавирус эпидемиясининг иккинчи тўлқини юз бериши хавфи юқорилигидан огоҳлантиришмоқда. Германияда кун сайин янги касалланиш ҳолатлари кўпаймоқда: сўнгги кунда бу ерда касалланганлар сони 587 нафарга кўпайган. Мамлакат ғарбида маҳаллий гўшт комбинатида коронавирус тарқалиши қайд қилингандан кейин иккита ҳудудда карантин такрор киритилган.

Европанинг коронавирусдан энг кўп азият чеккан давлати – Италияда кунлик ўсиш 122 тани ташкил қилган.

“Биз коронавирусга чалинганлар қайтиши мумкинлигига тайёрмиз. Эпидемия бошланиши бизни ғафлатда қолдирганди, шу сабабли ҳозир иккита асосий тамойил бўйича ишга тайёрланмоқдамиз, булар: вируснинг аҳоли ва шифохоналарда тарқалишини жиловлаш ҳамда иккинчи тўлқин ҳолатида жонлантириш бўлимларида касаллар сони кескин ошишига шай туриш”, деб айтган Миландаги тиббиёт университети профессори Маурицио Чеккони.

Шунингдек, Португалияда вирус тарқалишининг янги ўчоқлари аниқланган. Мамлакатда сўнгги ойда 9200 дан кўпроқ касалланиш ҳолати қайд этилган.

Охирги маълумотларга кўра, айни вақтда дунёда коронавирусга чалинганлар сони 9,5 млндан ошиб кетди, ундан вафот этганлар сони 484 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда. Шу билан бирга, 5,175 млн киши соғайиб кетган. 

Мавзуга оид