Жамият | 18:40 / 30.06.2020
8516
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда китобларни уч хил шаклда сотиб олиш имконини берувчи илова ишга туширилди

Тошкентда, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослашган мактабда «Китобнома» лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.

Аҳоли ва айниқса ёшлар орасида китоб тарғиботини кучайтиришга мўлжалланган «Китобнома» мобил иловаси польшалик дастурчилар, Вебстер университети талабалари ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари мактаби мутахассислари билан хамкорликда тайёрланган.

Илова Android ва IOS операцион тизимлари учун ишлаб чиқилган.

Лойиҳа муаллифларига кўра, «Китобнома» мобил иловаси орқали китобни тўғридан тўғри нашриётдан сотиб олиш мумкин. Шу сабабли эндиликда китобхонларда китобларни арзон нархда харид қилиш имконияти пайдо бўлди.

«Порталнинг қулайлиги шундаки, мижоз китобни харид қилишдан олдин унинг парчасини электрон шаклда ўқиб кўриш имконига эга.

Қолаверса, китоблар 3 хил шаклда тақдим этилади: электрон, аудио ва асл шаклида. Сотиб олинган электрон китоблар онлайнда, булутда сақлангани туфайли уни смартфонга юклаб олиш, бошқаларга ҳам улашиш мумкин. Асл китобларни етказиб бериш хизмати бутун Ўзбекистонни қамрайди.

Лойиҳа очилиш жараёнида Ўзбекистоннинг йирик хусусий нашриётларининг 100дан ортиқ китоблари жойлаштирилди. «Заминнашр», «Зиёнашр», «Академнашр» нашриётлари шулар жумласидан.

Бундан ташқари, «Ўқитувчи» НМИУ, Ғофур Ғулом номидаги НМИУ, «Давр» нашриёти каби йирик нашриётлар чоп этган китобларни ҳам иловага жойлаштириш режалаштирилган. Бу онлайн платформага барча нашриётлар ҳамкорликка таклиф қилинмоқда», – дейилади пресс-релизда.

Таъкидланишича, «Китобнома» платформасида ёш ёзувчи ва шоирлар ўз асарларини жойлаштириши мумкин. Уларга ўз қўлезмаларини китоб шаклига келтиришда юқори тоифали муҳаррирлар, рассомлар, дизайнерлар ва ижодкорларни руҳлантириш учун менторлар кўмаклашади.

«Сотилган китоблардан гонорар эса тўғридан тўғри муаллифларнинг ҳисоб рақамига шартнома асосида ўтказиб берилади. Шу боис энди ижодкорлар вақтини тўлиқ ижодга бағишлашлари мумкин», – дейилади релизда.

Тақдимотда қайд этилдики, ёш авлод янги технологиялар сари интилмоқда ва бу адабиёт соҳасини ҳам четлаб ўтмаяпти: қоғоз китоблар ўрнини электрон китоблар эгалламоқда. Шундай экан, келажакда электрон кутубхоналарга бўлган талаб ҳам ортиб бориши аниқ.

«Биласизми, биринчи китобимни қўлёзмадан то китоб шаклида чиқаришим мен учун жуда мушкул кечди. Бу йўлни якка ўзим босиб ўтдим. Маслаҳат берадиган одам бўлмади. Ёш ижодкор ҳар бир босқичда қандай тўсиқларга дуч келишини ўзимнинг бошимдан кечирдим. Бу стартапимнинг асосий мақсади – Ўзбекистондаги барча истеъдодли ёзувчи ва шоирларни катта саҳнага олиб чиқишдир» – дейди лойиҳа асосчиларидан бири Темурмалик Останақулов.

Мавзуга оид