Ўзбекистон Қуролли Кучларида ҳарбий хизматчиларнинг китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ҳужжатдан кўзланган мақсад ҳарбий хизматчиларнинг китобхонлик маданиятини ривожлантириш, маънавий-ахлоқий фазилатлари, интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтириш, шунингдек миллий ва жаҳон адабиётининг сара намуналарини кенг тарғиб қилишдан иборат.
Лойиҳа билан Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси, Фанлар академияси Тарих институти ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг Қуролли Кучлар таркибидаги ҳарбий қисм ва муассасалар кутубхоналарини 1 миллион нусхадаги бадиий адабиётлар билан таъминлаш тўғрисидаги таклифига розилик бериш назарда тутилган.
Лойиҳага кўра, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия 1 миллион нусхадаги адабиётларни харид қилиш бўйича буюртмачилар этиб белгиланади.
Китобларни Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ўртасида алоҳида тақсимот асосида ажратиш кўзда тутилган.
Масъул вазирлик ва идораларга бир ой муддатда ҳарбий қисм ва муассасалар кутубхоналари учун харид қилинадиган китоблар рўйхатини тасдиқлаш вазифаси юкланиши мумкин.
Рўйхатга ҳарбий хизматчилар ўртасида ватанпарварлик, фидойилик ва меҳнатсеварлик каби фазилатларни тарғиб этувчи бадиий, тарихий, ҳарбий-ватанпарварлик, илмий-оммабоп ва соҳага оид адабиётлар киритилиши назарда тутилган.
Лойиҳада муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан ўқиб-ўрганилиши лозим бўлган қатор асарлар ҳам алоҳида кўрсатилган.
Жумладан:
— «Алпомиш» достони;
— Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари;
— Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романи;
— Абдулҳамид Чўлпоннинг «Гўзал Туркистон» ва «Халқ денгиздир» асарлари;
— Эркин Воҳидовнинг «Ўзбегим» ва «Инсон» қасидалари;
— Абдулла Ориповнинг «Ўзбекистон» шеъри;
— Муҳаммад Юсуфнинг «Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон» шеъри.







