«Нима дард?» аслида кимнинг дарди? Журналистларсиз подкаст ҳақида
|11:457179 мин
Китоб ўқимайдиган жамият, ваксинадан қўрқаётган ота-оналар, инсоннинг ўзини ўрганаётган сунъий интеллект ва ҳамон эски стандартлардан қутула олмаётган йўллар... Бу гал «Нима дард?»нинг аввалги тўрт сони томошабинларнинг фикрлари, эътирозлари ва таклифлари таҳлил қилинди.
Китоб ўқимайдиган жамият, ваксинадан қўрқаётган ота-оналар, инсоннинг ўзини ўрганаётган сунъий интеллект ва ҳамон эски стандартлардан қутула олмаётган йўллар. «Нима дард?» подкастининг дастлабки тўрт сонида турли мавзулар кўтарилди. Бу сафар эса меҳмон йўқ: Жамшид Муслимов ва Одилхон Алихонов ўзаро суҳбатда аввалги кўрсатувларга қайтиб, улардан қандай хулосалар чиқаргани, томошабинлар эътирозлари ва подкаст нега айнан шу форматда яратилгани ҳақида гаплашди.
«Нима дард?»нинг бешинчи сони одатдагидан бошқача бошланди. Бу сафар студияга мутахассис таклиф қилинмади. Бошловчилар Жамшид Муслимов ва Одилхон Алихоновнинг ўзи суҳбатдошга айланди.
Бунга сабаб ҳам бор. Дастлабки сонлардан кейин томошабинлардан «журналист эмаслигингиз билиниб қолди», «адабий тилда гапиринглар», «русча сўзларни аралаштирманглар» мазмунидаги эътирозлар келиб тушган.
Бошловчилар эса журналист эканига ҳеч қачон даъво қилмаганини айтади. Одилхон Алихонов шифокор, Жамшид Муслимов эса молия ва иқтисодиёт соҳаси вакили. Уларнинг айтишича, подкастнинг вазифаси профессионал журналистик интервюни такрорлаш эмас.
Мақсад — жамиятдаги муаммоларни ўзининг шахсий дардидек қабул қиладиган зиёли ва мутахассисларни топиш, уларнинг фикрини эшитиш, муаммони муҳокама қилиш ва имкон қадар ечим томон қараш.
Нега ўзбекча илмий китобга талаб кам?
Бошловчилар биринчи суҳбат — «Фаренгейт» нашриёти муҳаррири Хуршид Йўлдошев билан китоб ва китобхонлик ҳақидаги мулоқотга қайтди.
Ундаги бир воқеа Жамшид Муслимовнинг айниқса ёдида қолган. Китоб ярмаркасида бир бола ўзбек тилига таржима қилинган илмий-оммабоп физика китобини ёқтириб қолади. Аммо отаси унинг ўрнига арзонроқ эртак китобини олиб беради. Худди шу китобнинг рус тилидаги, ҳатто қимматроқ нусхаларини эса русийзабон ота-оналар харид қилаётгани айтилган эди.
Бу оддий китоб савдосидан каттароқ саволни туғдиради: нега ўзбек тилидаги сифатли илмий-оммабоп адабиётга талаб кутилган даражада эмас?
Суҳбатда бунинг илдизлари таълим, ўқиш маданияти ва авлодлардан авлодларга ўтиб келаётган қарашларга бориб тақалиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирилди. Бошловчилар бу баҳсли мулоҳаза эканини алоҳида таъкидлаб, томошабинларни ҳам муҳокамага чақирди.
Мавзуга оид
Яна бир муаммо — китоб ўқишни билмаслик. Одилхон Алихоновнинг фикрича, инсон мураккаб китобни қандай ўқишни тушунмаса, бир неча саҳифадан сўнг зерикиши мумкин. Унинг ёнида эса тез ва осон ахборот берадиган ЁуТубе, ижтимоий тармоқлар ва ўйинлар турибди.
Шу боис подкастнинг биринчи сонидан кейин босмадан чиққан «Китобни қандай ўқиш керак» ҳамда аргумент ва баҳс юритиш маҳоратига оид китоблар ҳам суҳбатда кўрсатилди.
Бошловчиларнинг фикрича, «Нима дард?» фақат муаммони гапириш билан чекланмаслиги керак. Меҳмонлар муаммони ҳал қилиш учун амалда нима қилаётгани ҳам кўрсатилиши зарур.
«Ток ўчса, ваксина нима бўлади?»
Иккинчи суҳбат шифокор Раъно Қосимова билан ваксинация, гепатит ва соғлиқни сақлаш масалаларига бағишланган эди.
Ушбу кўрсатувдан кейин энг кўп баҳс уйғотган мавзулардан бири болаларни эмлатишга нисбатан қўрқув бўлди. Айрим изоҳларда бу ҳолат тиббий саводхонликнинг етишмаслиги билан боғланган бўлса, бошқалар барча айбни аҳолига юклаш нотўғри эканини таъкидлаган.
Жамшид Муслимовнинг фикрича, икки томонда ҳам асос бор: ота-онанинг хавотирини шунчаки инкор қилиб бўлмайди, бунинг ўрнига унга тушунарли ва ишончли маълумот бериш керак.
Томошабинлардан бири эса амалий савол қўйган: электр энергияси узилиб турадиган шароитда ваксиналарнинг тўғри сақланишига қандай ишониш мумкин?
Одилхон Алихонов бунга шифокор сифатида жавоб бериб, ваксиналарни сақлашда «совуқ занжир» протоколлари мавжудлигини тушунтирди. Электр узилганда совуткичларни очмаслик, махсус совутувчи воситалардан фойдаланиш, зарурат туғилса ваксиналарни бошқа жойга кўчириш каби чоралар кўзда тутилган. Керакли ҳарорат режими бузилган ва яроқлилиги шубҳа остида қолган препаратлар эса ишлатилмаслиги кераклигини айтди.
Бу муҳокама яна ўша саволга олиб келади: одамларнинг қўрқувига фақат «саводсизлик» деб қараш тўғрими ёки қўрқувни камайтириш учун тизимнинг ўзи кўпроқ тушунтириши керакми?
Сунъий интеллект биз ҳақимизда нимани билиб оляпти?
«Нима дард?»нинг энг кўп қизиқиш уйғотган сонларидан бири сунъий интеллект бўйича мутахассис Анвар Нарзуллаев билан суҳбат бўлди.
Бешинчи сонда бошловчилар ушбу мулоқотга яна қайтишди.
Уларнинг муҳокамасидаги қизиқ фикрлардан бири шундай: инсон сунъий интеллектга қандай савол бераётгани унинг ўзи ҳақида ҳам кўп нарсани кўрсатади.
Яъни СИ фойдаланувчининг билимини автоматик равишда ошириб қўймайди. Аксинча, билимли, танқидий фикрлай оладиган ва тўғри савол қўя оладиган одам ундан самаралироқ фойдаланиши мумкин.
Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор.
Сунъий интеллект тизимлари улкан ҳисоблаш қуввати, электр энергияси, совитиш инфратузилмаси ва бошқа ресурсларни талаб қилади. Шунга қарамай, кўплаб СИ хизматлари фойдаланувчига нисбатан арзон ёки қисман бепул тақдим этилмоқда.
Бошловчилар шу нуқтадан бошқа саволга ўтади: агар хизматнинг ўзи шунчалик қиммат бўлса, нега фойдаланувчига арзон?
Уларнинг муҳокамасида жавоблардан бири — маълумот.
Инсоннинг вақти, эътибори, қизиқишлари, саволлари ва хатти-ҳаракатлари ҳам маълумотга айланади. Замонавий дунёда эса катта ҳажмдаги маълумот иқтисодий ва технологик жиҳатдан ниҳоятда қиммат ресурсга айланиб бормоқда.
Шу билан бирга, суҳбат сунъий интеллектдан воз кечиш керак деган хулосага келмайди. Аксинча, уни тушуниш, ўрганиш, текшириш ва хавфсиз фойдаланиш зарурлиги ҳақида фикр юритилади.
Жамшид Муслимов буни атом энергетикаси билан қиёслайди: технология улкан фойда манбаи ҳам, назорат қилинмаса катта хавф манбаи ҳам бўлиши мумкин.
Фақат бир муҳим фарқ бор — замонавий сунъий интеллект тизимлари тобора мураккаблашмоқда.
Шунинг учун суҳбатда киберхавфсизлик, назорат механизмлари ва технологиялар учун қатъий қоидалар кераклиги ҳақидаги саволлар ҳам ўртага ташланди.
«Сифатли йўл — энг арзон йўл»
Тўртинчи суҳбат йўл қурилиши мутахассиси Зиёдулла Баҳромов билан бўлиб ўтган эди.
Жамшид Муслимов учун ушбу суҳбатдаги энг қизиқ жиҳатлардан бири оддий одам ҳар куни фойдаланадиган асфалт ва йўл ортида нақадар мураккаб технологик жараён тургани бўлган.
Нега йўллар тез бузилади? Нега қайта-қайта таъмирланади?
Суҳбатда Ўзбекистонда йўл қурилишининг айрим стандартлари ва ёндашувлари ҳануз эски тизимдан мерос бўлиб қолаётгани ҳақида фикр билдирилган эди.
Одилхон Алихонов эса суҳбатдан «қурилиш маданияти» деган тушунчани алоҳида ажратиб олди.
Унинг талқинича, қурилиш маданияти — илмий ёндашув, аниқ ҳисоб-китоб, сифат ва муддат ўртасидаги мувозанат. Агар муддат асосий мақсадга айланиб, сифат ундан кейинги ўринга тушиб қолса, натижада сифациз ва охир-оқибат қимматга тушадиган йўл пайдо бўлади.
Шу суҳбатда айтилган бир жумла эса бошловчиларнинг айниқса ёдида қолган:
«Сифатли йўл — энг арзон йўл».
Чунки сифатли йўл дастлаб кўпроқ маблағ ва технология талаб қилиши мумкин. Аммо узоқ хизмат қилиши ва қайта-қайта таъмирлашга эҳтиёж туғдирмаслиги ҳисобига умумий харажат камаяди.
Суҳбатда яна бир муаммо — замонавий фикрлайдиган мутахассислар етишмаслиги ҳақида гапирилган. Зиёдулла Баҳромов хориждан мутахассис олиб келиш, ёшларни тайёрлаш ва шогирд етиштириш учун шахсий маблағидан ҳам фойдаланаётганини айтган эди.
Бошловчилар назарида, айнан шундай амалий ҳаракатлар кенгроқ аудиторияга етиб бориши керак.
«Нима дард?» аслида кимнинг дарди?
Бешинчи сон охирида суҳбат яна подкастнинг ўзига қайтади.
«Нима дард?» — классик журналистик интервю эмас. Унинг бошловчилари ҳам профессионал журналист бўлишга даъво қилмайди. Формат атайлаб эркинроқ қурилган.
Аммо эркинликнинг ортида аниқ мақсад бор: халқ ва жамият дарди билан яшаётган одамларни топиш, уларнинг муаммоларини эшитиш, ечим ҳақидаги фикрларини кўрсатиш ва аудиторияни ҳам шу суҳбатга қўшиш.
Шунинг учун бошловчилар томошабинлардан фақат кўрсатувни баҳолашни эмас, кейинги суҳбатларнинг йўналишини белгилашда ҳам иштирок этишни сўрайди.