Ўзбекистон | 08:31 / 01.07.2020
5351
5 дақиқада ўқилади

БМТнинг Ўзбекистон фуқаролари шикоятлари бўйича қарорлари қандай ижро этилмоқда?

Президентнинг 22.06.2020 йилдаги ПФ-6012-сон Фармони билан БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари хабарномалари ва қарорларини кўриб чиқиш бўйича давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
 
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш ваколатлари Ўзбекистон томонидан тан олинган БМТнинг органлари унинг устав органлари ва шартномавий қўмиталаридир, деб ёзади Norma.
 
Ўзбекистон иштирокчиси бўлган халқаро шартномалар билан кафолатланган ҳуқуқнинг Ўзбекистон томонидан бузилганлиги тўғрисидаги хабарнома (шикоят/ариза)ни якка тартибда БМТ органларига тақдим этган Ўзбекистон юрисдикцияси остида бўлган шахс ёки унинг вакили аризачи ҳисобланади.
 
Низом билан хабарномани кўриб чиқиш бўйича давлат органлари ва БМТ органларининг ўзаро ҳамкорлигининг қуйидаги схемаси белгиланган.
 
ТИВга келиб тушган хабарнома 10 иш куни ичида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳамда Адлия вазирлигига юборилади.
 
Марказ хабарноманинг мазмунидан келиб чиқиб, 5 иш куни ичида тегишли давлат органларига хабарномани кўриб чиқиш учун ишчи гуруҳни шакллантириш мақсадида сўровнома юборади. Давлат органлари Марказ билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш учун масъул шахсларни белгилайди ва 3 иш куни ичида ишчи гуруҳга киритиш учун номзодларни тақдим этади. Шундан кейин Марказ Адлия вазирлиги билан биргаликда 5 иш куни ичида хабарноманинг мақбуллик мезонларига мувофиқ келиши бўйича ўрганиш учун ишчи гуруҳни шакллантиради ва Ўзбекистоннинг асосланган жавобини тақдим этиш муддатини белгилайди.
 
Тегишли давлат органлари Марказ томонидан белгиланган муддатларда (15 иш кунигача) БМТ органларининг тартиб-таомилларида ўрнатилган мезонларга кўра тегишли хабарноманинг мақбул ёки мақбул эмаслиги бўйича асосланган жавобларини юборади.
 
Ишчи гуруҳ давлат органларидан келиб тушган маълумотларни белгиланган муддатларда кўриб чиқади ва Ўзбекистоннинг асосланган жавобини тайёрлайди. Хабарноманинг мақбуллиги тўғрисидаги жавоб Марказ томонидан, ўз навбатида, БМТ органларига тақдим этилиши учун ТИВга юборилади.
 
Хабарнома мақбул эмаслиги сабабли рад этилган тақдирда, унинг асослари тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда кўрсатилади. Бунда  ишчи гуруҳ фаолияти тугатилади.
 
БМТ органларидан хабарномаларнинг мақбуллиги масалалари бўйича қўшимча ҳужжатлар ва ахборот тақдим қилиш тўғрисида сўровнома келиб тушган тақдирда, ишчи гуруҳ сўровнома ТИВга келиб тушган вақтдан бошлаб 1 ой ичида жавоб тақдим этади.
 
Давлат ахборотини тақдим этишнинг умумий муддати 6 ойдан ошмаслиги керак. Тегишли процессуал қонунчилик билан бошқа муддатлар белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.
 
Марказ 5 иш куни ичида кўриб чиқиш учун мақбул деб топилган хабарномани таҳлил қилади ва унинг мазмунидан келиб чиқиб, тегишли давлат органлари учун саволларнинг асосий рўйхатини белгилайди ва қўйилган масалалар юзасидан ахборот тақдим қилиш учун сўровномалар юборади. Давлат органлари 15 иш куни ичида қўйилган масалалар юзасидан асосланган далилларни ва тайёрланган ахборотни тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга Марказга тақдим этади.
 
Марказ Адлия вазирлиги билан биргаликда 1 ой ичида давлат органларидан олинган ахборотни умумлаштиради, Ўзбекистоннинг жавоби лойиҳасини тайёрлайди. Жавоб, ўз навбатида БМТ органларига тақдим этилиши учун ТИВга юборилади.
 
Марказ ТИВ орқали БМТ органлари томонидан тегишли хабарнома юзасидан қабул қилинган қарорнинг тўлиқ матнини олади ва уни ўз расмий веб-сайтида жойлаштиради. Шунингдек, Марказ мазкур қарорлар ҳисобини реестр шаклида юритади.
 
БМТ органлари томонидан тегишли хабарнома юзасидан қабул қилинган қарор келиб тушган вақтидан бошлаб 10 кун ичида кейинчалик у суд тартибида кўриб чиқилиши учун Олий судга қайта юборилиши учун ТИВ томонидан Марказга юборилади.

Марказ тегишли давлат органларидан БМТ органлари қарорларини кўриб чиқиш юзасидан қабул қилинган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборотни сўраб олиш ҳуқуқига эга. Қабул қилинган ахборот Марказ томонидан, ўз навбатида, БМТ органларига тақдим этилиши учун ТИВга юборилади. Қабул қилинган чора-тадбирлар тўғрисида давлат ахборотини тақдим этишнинг умумий муддати БМТ органларининг тегишли хабарнома юзасидан қарори ТИВга келиб тушган кундан бошлаб 5 ойни ташкил этади.
 
БМТ органлари қарорида белгиланган зарарни қоплаш учун тўлов (компенсация) миқдори суд тартибида белгиланади.
 
Келиб тушган хабарномалар ҳамда БМТ органлари қарорларининг ижро этилиши устидан мониторинг Марказ томонидан амалга оширилади.
 
Ҳужжат 23.06.2020 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид