Россия конституцияга киритилиши режалаштирилаётган ўзгаришлар қаторида кўплаб бўлимлар мавжуд. Масалан, меҳнат муҳофазаси, иш берувчи ва ишчи ўртасидаги муносабатлар, Россия суверенитети каби боблардаги ўзгаришлар. Аммо янги ўзгаришларнинг жуда шов-шувли бўлишига олиб келган таклиф бу – президентлик муддатларини ноллаштириш. Яъни, шу вақтгача бўлган муддатларнинг барчасини бекор қилиш. Энди Путин 2024 йилдан кейин ҳам яна икки муддат президентликка ўз номзодини қўйиши ва 2036 йилга қадар ҳокимиятда қолиши мумкин бўлади.
Натижалар
Марказий сайлов комиссияси Россия Федерацияси Конституциясига тузатишлар киритиш бўйича умуммиллий овоз бериш натижаларини эълон қилди. Протоколлар 100 фоиз ҳисоб-китоб қилиб чиқилганидан кейин, референдумда қатнашганларнинг 77,92 фоизи ўзгартиришларни ёқлагани, 21,27 фоизи эса қарши бўлганини билдирди.
МСК раиси Элла Памфилованинг маълум қилишича, сайловда давомат 65 фоизни ташкил этган. Бу 1993 йилдаги Конституция бўйича референдумдагидан яхшироқ, ўшанда давомат 54,8 фоизни ташкил этган ва сайловчиларнинг 58,4 фоизи Конституцияни маъқуллаганди.
Тузатишлар президент фармони билан кучга киради. Конституцион қонунчилик бўйича Федерация кенгаши қўмитаси раҳбари Андрей Клишаснинг маълум қилишича, МСК натижаларни эълон қилгач, президент Конституцияга тузатишлар киритиш тўғрисидаги фармонини имзолаши мумкин бўлади.
«Бобомнинг баҳонаси». «Сиёсий умрбоқийлик» учун ўзгарган конституциялар
Деярли барча регионлар «ҳа» деди
Асосий қомусга ўзгартиришлар деярли барча ҳудудлар томонидан қўллаб-қувватланди. Ненец автоном округи овоз берувчиларнинг кўпчилиги тузатишларга қарши овоз берган ягона регион бўлган.
МСК сайти маълумотига кўра, бу ҳудуддаги сайловчиларнинг 55,25 фоизи конституцияга ўзгартиришлар киритилишига қарши чиққан, 43,78 фоизи қўшилган. Бу ҳудудда давомат 58,28 фоизга тенг бўлган.
Шунингдек, Лондон, Нью-Йорк, Берлин, Вена ва Париждаги консулхоналарда ташкил этилган сайлов участкаларида ҳам кўпчилик тузатишларга «йўқ» деган.
Ижтимоий тармоқда Якутск мэри Сардана Авксентьева билан боғлиқ воқеа муҳокама қилинди. Мэр тузатишларга қарши бўлиб овоз берган. Аммо интернетда у «ҳа» дегани кўрсатилган фотошоп тарқалди. Кейинроқ унинг матбуот хизмати оригинал суратни намойиш этди ва унда мэр «йўқ»ни белгилаганини кўриш мумкин.









