Халқаро Олимпия Қўмитаси Олимпиадани ёшлар орасида оммалаштириш борасида бош қотирмоқда. Шу мақсадда, скейтбординг, сёрфинг, қояларга чиқиш каби спорт турларини Олимпия ўйинларига киритиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Олимпия ўйинларига ёшларни қизиқтириш ҳақида гап кетганда, миллий жамоаларга киберспорт борасида ҳам мусобақалашиш имконини бериш керак, деб ёзади The Economist нашри.
Қай бири оммабопроқ: анъанавий ёки киберспорт?
Электрон ўйинлар Олимпия ўйинларининг от спорти ёки кёрлинг каби шаклларидан кўра анча оммабоп. Умуман олганда, электрон ўйинлар анъанавий спорт турларидан кўра ёшлар орасида кенг тарқалган. Статистикага кўра, Британияда 16-19 ёш оралиғидаги болаларнинг 28 фоизи анъанавий спорт мусобақаларини томоша қилишни ёқтирган бир пайтда, 57 фоизи видеоўйинларга қизиқади.
Аксарият киберспорт дея таърифланаётган видеоўйинлар ҳақиқий спорт бўла олмайди, деб ҳисоблайди. Аммо профессионал лигалар шаклида ўтказилаётган видеоўйинлар стадионларни тўлдирадиган анаънавий спорт билан рақобатчи бўла олади. Дейлик, дунёда турнирларда иштирок этиш орқали даромад топа оладиган теннис юлдузлари 200 нафар атрофида бўлиши мумкин. Бироқ 5 кишилик жамоалар қатнашадиган видеоўйинлардан иборат «Фантастик лига»да (киберспорт мусобақаларидан бири) иштирок орқали 1000дан ортиқ киши мўмайгина пул топади. Бу лиганинг ўтган йили бўлиб ўтган финалини 44 миллиондан зиёд киши кузатган эди.
Норозиликка сабаб бўлган футбол ва бейсбол
Янги шакллана бошлаган спорт турларининг оммалашиши ҳар доим қийин кечган. 1314 йилда Англия қироли Эдуард II ўғил болалар камондан ўқ отишни ўраниши керак, деган ўйда футболни тақиқлаб қўйишга ҳаракат қилган эди. 19-асрда эса АҚШда айрим тоифа тақводорлар азарт ўйин дея бейсболга қарши чиқишган.
Аммо киберспорт ҳам анъанавий спорт турлари каби маҳорат ва эпчилликни талаб қилади – профессионал ўйинчи сониясига бештагача турли ҳаракатларни амалга ошириши керак бўлади. Шунингдек, видеоўйинлар от спортига қараганда анча арзон ва қулай ҳам саналади.
Қаршилар ва ёқловчилар
Киберспортни танқид қилувчилар уларни маънавий жиҳатдан қоралашади – видеоўйинлар муккасидан кетишни чақиради, зўравонлик ғояларини уйғотади, ваҳоланки, Олимпиаданинг бирламчи мақсади халқаро тинчликни таъминлашдир, дейишади.















