13:52 / 07.07.2020
11959

Турдимов Самарқанддаги шаҳарсозлик ишларини вертолётда кўздан кечирди

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов вилоят маркази Самарқанд шаҳри ҳамда туманларни вертолётда айланди. Ҳокимликнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳокимнинг ҳудудларга сафари видеоси ҳам эълон қилинди.

Аввало Самарқанд шаҳридаги шаҳарсозлик ишлари кўздан кечирилди. Турдимов шаҳардаги бўш ётган ерлар учун лойиҳалар ишлаб чиқиш ҳақида кўрсатма берди. Шаҳардаги асосий катта йўллар, канал ва дренажлар, дарё бўйидаги қурилишлар текширилди. Ноқонуний қурилишларнинг шаҳарсозлик учун зарари айнан тепадан қараганда билингани айтилди. Вилоят ҳокими фойдаланилмаётган ерларнинг кадастр ҳужжатларини текшириб, улардан мақсадли фойдаланиш бўйича кўрсатма берган.

«Вилоят ҳокими билан бирга Самарқанд шаҳрини тепадан кузатдик. Шаҳар ҳудудидаги ноқонуний қурилишлар, промзоналар ва йўлларнинг ҳолати кўздан кечирилди. Бўш ётган ерлар бўйича вилоят ҳокими томонидан кўрсатмалар берилди», дейди Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов.

«Самарқанд шаҳрини юқоридан айланганда аввал эътибор бермаган жиҳатларимизни кўрдик. Барчаси тепадан қараганда кафтдек кўринди. Аукционда тадбиркорларга ер ажратишда бугун берилган кўрсатмаларни инобатга оламиз», дейди Самарқанд вилоят «Ермулккадастр» давлат корхонаси раҳбари Шавкат Рўзиқулов.

Самарқанд вилоят ҳокими Пайариқ тумани Наволи қишлоғида янги барпо этилган 300 гектар токзорни кўздан кечириб, уларнинг баравж ўсаётганини эътироф этди ва атрофдаги ерларга ҳам токзорлар ташкил этиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кўрсатма берди.

Турдимов Каттақўрғон шаҳри ҳудуди ва «Оқчопсой» сув омбори, унинг ҳимоя зонасини ҳам кўздан кечириб, мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Top