Жаҳон | 18:35 / 09.07.2020
7693
3 дақиқада ўқилади

Буюк Британия Қосим Сулаймонийга нисбатан санкция муддатини узайтирди

Фото: Hassan Ammar / AP

Британия Эроннинг «Ал Қудс» махсус гуруҳи қўмондони генерал Қосим Сулаймоний учун жорий қилинган иқтисодий санкцияни ўз кучида қолдирди. Бу ҳақда Британия молия вазирлиги эълон қилган ҳужжатда келтирилган.

Ҳужжатда терроризм ва уни молиялаштиргани учун 5 кишига нисбатан санкциялар муддати узайтирилгани айтилган. Рўйхатда қуйидаги номлар бор: Қосим Сулаймоний, Ҳамид Абдуллоҳи, Маҳмуд Арбабсиар, Али Ғулом Шакури ва Абдул Ризо Шаҳлаи. Уларнинг барчаси Эрон фуқаролари. Қироллик молия вазирлиги эълон қилган ҳужжатда бу беш нафар эронликларнинг барчаси 2010 йил ўзига хос TAFA (Terrorism and terrorist financing) санкциясига тушган ва 6 июль куни уларга нисбатан эълон қилинган санкция муддати узайтирилган.

Ҳужжатда бир нарса эътиборни тортади. Қосим Сулаймоний унда 10 хил исм-шариф билан келтирилган. Уларнинг барчаси бир-биридан бир нечта ҳарф билан фарқ қилади. «Ал Қудс» генералининг айнан мана шу номларга очилган ва Британияга маълум ҳисоб рақамлари мавжуд бўлиши мумкин.

Британия молия вазирлиги эълон қилган рўйхатда санкцияси узайтирилган 5 кишининг барчаси Европа Иттифоқининг ҳам санкция рўйхатидан ўрин олгани алоҳида келтирилган.

Олдинроқ БМТ Қосим Сулаймонийнинг АҚШ томонидан ўлдирилиши ноқонуний бўлгани, у ҳеч кимнинг ҳаётига тўғридан тўғри хавф туғдирмаганини маълум қилганди. Ўз навбатида Эрон ҳукумати Интерполга мурожаат қилиб АҚШ президенти Дональд Трампни қидирувга беришни сўраган ва рад жавобини олган. Эрон томони Сулаймонийга суиқасдда иштирок этган 36 кишининг шахсини аниқлаганини ҳам маълум қилган.

Эрон инқилоб муҳофизлари корпуси қошидаги «Ал Қудс» махсус бўлинмаси етакчиси бўлган генерал Қосим Сулаймоний 2020 йил 3 январь куни АҚШ президенти Дональд Трампнинг шахсан топшириғи билан америкалик ҳарбийларнинг ҳаво зарбалари оқибатида ҳалок бўлганди. Унинг ўлимидан сўнг Эронда мотам эълон қилинган ва эронлик ҳарбийлар АҚШнинг Ироқдаги авиабазаларига ракета зарбасини амалга оширганди.

Мавзуга оид