3 январ куни Эроннинг Кирмон шаҳрида Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг марҳум генерали Қосим Сулаймоний дафн этилган жойда иккита портлаш содир бўлди. Унинг натижасида камида 84 киши ҳалок бўлиб, 200 дан ортиқ киши жароҳат олган — экспертлар ҳодисани Ислом республикаси тарихидаги энг йирик теракт деб баҳоламоқда. Бу теракт Яқин Шарқда шусиз ҳам нохуш бўлган муҳитни янада ёмонлаштириши ва ҳатто минтақавий можарога сабаб бўлиши мумкин. «Медуза» нашри айни вақтга келиб Кирмондаги портлашлар тўғрисида нималар маълумлиги ва генерал Сулаймоний нега Эрон учун АҚШ билан кураш рамзига айланган муҳим фигура экани, Теҳрондаги расмийлар ҳамда ғарб нашрларининг манбалари ҳодисанинг қандай версияларини илгари сураётганини келтириб ўтди.
3 январ куни Эронда генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилганининг тўрт йиллиги билан ўтказилган хотира маросими вақтида икки бор портлаш рўй берди. IRNA давлат ахборот агентлиги маълумотига кўра, биринчи портлаш Сулаймоний дафн этилган жойдан 700 метр масофада, иккинчиси — тахминан 15 дақиқа ўтиб, мақбарадан бир километр узоқликда рўй берган. Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, иккинчи портлаш нишони қабристондан қочиб чиққан одамлар бўлган.
Аввалига Эрон давлат нашрлари теракт оқибатида 103 киши ҳалок бўлганини ёзганди. Аммо кейинги куни расмийлар бошқа рақамларни келтирди — мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Баҳром Эйноллоҳийнинг изоҳлашича, қурбонлар рўйхатида айрим номлар такроран ёзилган.
CNN ва BBC маълумотларига кўра, портлаш оқибатида камида 84 киши ҳалок бўлган. Яна 200 дан ортиқ киши (турли манбаларга кўра, 211 дан 284 нафаргача) ҳужум вақтида жароҳатланган — шу билан бирга, эронлик мулозимларга кўра, ярадорларнинг кўпчилик қисми оғир аҳволда ва қурбонлар сони ортиши мумкин.
Эрон давлат телевидениесида намойиш этилган кадрларда портлаш вақтида кўплаб одамлар хотирлаш маросимида иштирок этаётганини кўриш мумкин — улар Сулаймоний тасвирланган транспарантлар осилган йўл бўйлаб ҳаракатланишган. Генерал ўзи туғилиб ўсган Кирмон шаҳрида, Эронда шаҳидлар деб ҳисобланувчи яна 1024 киши билан биргаликда Гулзор Шоҳад қабристонига дафн этилган — бу жой АҚШ ва Ғарбга қарши «Қаршилик ўқи» тарафдорлари учун зиёрат қилинадиган манзилгоҳга айланган, дея ёзади The Guardian.
Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига алоқадор саналадиган Tasnim ахборот агентлиги ўз манбасига таяниб, «бомбалар жойлаштирилган иккита сумка», катта эҳтимол билан «масофадан бошқарилган ҳолда портлатилгани» ҳақида ёзди. Аммко Кирмон провинцияси губернатори кейинроқ расмийлар бомбалар масофадан туриб ёки худкуш террорчилар иштирокида портлатилгани борасида аниқ маълумотга эга эмаслигини айтди. The Guardian нашри портлашларни «Мамлакатда 1979 йилги Эрон инқилобидан кейинги даврда рўй берган энг ажалвор террорчилик ҳодисаси» деб атади.










