Жамият | 14:42 / 14.07.2020
7370
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада хизмат қилаётган ҳарбий хизматчи ёнғинда одамлар ҳаётини сақлаб қолди

Кичик сержант Фарҳоджон Набижонов кўпқаватли уйда юз берган ёнғинда 2 одамнинг ҳаётини сақлаб қолиб, жасорат кўрсатди.

Фарҳоджон Набижонов / Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Фарғона шаҳридаги Қиргули мавзесида яшаб келаётган, Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг ҳарбий қисмларидан бирида хизмат қилаётган кичик сержант Фарҳоджон Набижонов 2 одамнинг ҳаётини сақлаб қолди, деб хабар берди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Хизмат сафаридан уйига қайтиб келган Ф.Набижонов кўчадан келаётган шовқин-суронни эшитиб қолади. Деразадан қараб, қўшни 17-уйдан ёнғин чиқаётганини, уй атрофига йиғилган одамлар саросимада эканини кўради ва тезда ўша уй томон ошиқади.

Шунда бу уйнинг 25-хонадонида ёнғин чиққани, шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси қутқарув гуруҳи чақирув бўйича воқеа жойига етиб келгани, уйни электр таъминотини узиб, ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилаётгани маълум бўлади. 

Ф.Набижонов зудлик билан тутунга тўлган подъезддан юқорига кўтарилиб, ёнғин чиққан уй эшигини бузиб, ичкарига киради ва чамаси 50-55 ёшлар атрофидаги ҳушсиз ётган хонадон соҳибини кўтариб, хавфсиз жойга, уй ташқарисига олиб чиқади.

Шу пайт уйнинг 5-қаватидан қиз боланинг йиғиси эшитила бошлайди. Унинг онаси аввалроқ дорихонага чиқиб кетган эди. Қайтиб келгач, қизининг овозини таниб, унга ёрдам беришларини одамлардан илтимос қила бошлайди. Ф.Набижонов аёлдан уйнинг калитини олиб, зудлик билан подъездга кириб кетади. Бироз вақт ўтгач, қизчани кўтариб тушади ва онасига топширади.

Кичик сержант Фарҳоджон Набижоновга кўрсатган жасорати ва 2 одамнинг ҳаётини сақлаб қолгани учун маҳалла аҳли, қолаверса, қутқарув гуруҳи вакиллари ҳам ўз миннатдорчилигини билдиришди, дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид