ЖССТ коронавирус пайдо бўлиши манбасини Уҳанда қидириш лозимлигини таъкидламоқда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус пайдо бўлишини ўрганишда илмий методологиядан фойдаланиб, ҳаракатланишни вирус биринчи бўлиб тарқалган жой – Хитойнинг Уҳан шаҳридан бошлаш керак, деб ҳисобламоқда.
Бундай фикрни ЖССТ вакили Майкл Райан турли давлатларда оқова сувларда коронавирус борлигини текшириш бўйича ўтказилган охирги тадқиқотлар ҳақидаги саволга жавобан айтган.
“Одамлар ўлимига олиб келадиган касалликлар билан боғлиқ ҳолатларда уларнинг марказини аниқлаштириб олиш зарур. Вирус тарқалиши Хитойда бошланган. Айнан шу ер марказ бўлган”, деб айтган Райан ва “вирус келиб чиқишини тўлиқ ҳажмда тушуниш лозимлигини” таъкидлаб ўтган.
ЖССТ вакилининг айтишича, вирусни одамларга қайси ҳайвондан ўтгани ҳали аниқланмаган ва у исталган жойда топилиши мумкин.
“Бунинг барчасини касаллик бошланган жойда ўрганиш лозим, бу жой Хитойнинг Уҳан шаҳри бўлган”, деб таъкидлаб ўтган Райан.
У ЖССТ Хитойга келгуси тадқиқотларга тайёрланиш учун миссия юборганини, ҳозирча тадқиқотлар ўтказиш режалаштирилмаётганини маълум қилган.
“Ҳамма бу дастлабки миссия эканини тушуниши лозим”, деб жавоб қилган Райан журналистларга. Унинг таъкидлашича, Хитойга жўнатилган биринчи гуруҳ томонидан чиқарилган хулосалар, қўйилган мақсадлар ва вазифалар асосида тадқиқот жамоаси шакллантирилади. Ушбу жамоа хитойлик мутахассислар билан яқиндан иш олиб боради.
ЖССТ вакилининг маълум қилишича, Хитойга юборилган гуруҳ аъзолари ҳозирда карантинда қолмоқда.
10 июлда ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус Хитойга юбориладиган гуруҳнинг асосий вазифаси ЖССТ бошчилик қиладиган халқаро миссияга асос ва иш режасини тайёрлашдан иборат бўлишини маълум қилган. Мутахассислар вируснинг ҳайвонлардан одамларга қандай ўтганини тушунишда олға силжишлари лозим.
Мавзуга оид
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
17:08 / 30.10.2024
Дунёда силга чалиниш ҳолатлари ошди – ЖССТ
00:26 / 27.10.2024