«Қадрли юртдошлар! Жиззах вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият мураккаблашиб, касалланиш даражаси кундан кунга ошиб бормоқда. Бир кун давомида 10 нафаргача бўлган фуқароларда коронавирус инфекцияси аниқланяпти.

Вилоятдаги 6та даволаш профилактик муассасаларида жами 340 нафар бемор тиббий назоратга олинган бўлиб, улардан 104 нафарида коронавирус инфекцияси тасдиқланди. Улардан 60 нафари соғайган, 41 нафари даволанмоқда. Қолган 236 нафар коронавирус инфекциясига гумон қилинган беморлар малакали тиббий ходимлар томонидан даволанмоқда. Коронавирусга чалинган беморларнинг 17 нафари оғир ва 3 нафари ўта оғир ҳолатда.

Вилоятда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ фуқароларнинг мурожаатларига Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий амалий маркази Жиззах вилоят филиалида колл-марказ фаолияти йўлга қўйилган. Мазкур марказга малакали тиббиёт ходимлари жалб қилиниб, (72) 226-32-03, (72) 226-25-98 телефон рақамлари орқали кунлик 200-220 нафар фуқароларнинг мурожаати юзасидан тегишли маслаҳат ва тавсиялар бериб бориляпти.

Вилоятда Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ва вилоят ОИТС маркази лабораторияларида коронавирус инфекциясига текшириш (ПЦР тест синовлари) ўтказилмоқда. Бугунги кунга қадар фуқаролардан 47 минг 595та тест синовлари олинди. Бир кунда ўртача 1400-1500 тест синовлари олинмоқда. Covid-19’га чалинган беморлар вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволаняпти. Мазкур марказда беморларни даволаш учун 155та ўрин-жой (койка) ташкил қилинган. Бундан ташқари, вақтинчалик ташкил этилган госпиталларда беморларга малакали мутахассислар томонидан тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Вилоятда бугунги кунда Covid-19’га чалинган беморларни даволаш учун 7та тиббиёт муассасасида 741та ўрин ташкил этилиб, тўлиқ каравот ва керакли жиҳозлар билан таъминланган.

Вилоятда фаолият олиб бораётган тиббиёт муассасаларини зарур дори-дармон билан таъминлаш мақсадида жорий йилнинг олти ойи давомида, жами 43 млрд 485,7 млн. сўм маблағ ажратилган.

Вилоят аҳолисини зарур дори-дармон воситалари билан ўз вақтида ва мақбул нархларда таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлигининг 2020 йил 16 июлдаги фармойишига асосан маҳаллий бюджетнинг даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 2,0 млрд. сўм маблағ «Жиззах дори-дармон» МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилди.

Тиббий меъёрларга асосан жорий йил якунига қадар аҳоли истеъмоли учун 48,6 минг тонна картошка, 22,4 минг тонна пиёз, 17,2 минг тонна сабзи, 11 тонна гуруч, 97 минг тонна ун ва нон маҳсулотлари, 21,3 минг тонна мол ва қўй гўшти, 52,7 минг тонна сут маҳсулотлари, 10,9 минг тонна балиқ, 234,1 млн. дона тухум талаб қилиниши ҳисоб-китоб қилинди.

Озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни қоплаш ҳамда уларнинг нархлари кескин кўтарилиб кетиши олдини олиш учун вилоятда 135,2 минг тонна картошка, 124,6 минг тонна пиёз, 46,3 минг тонна сабзи, 307,9 минг тонна полиз, 0,7 минг тонна гуруч, 536,3 минг тонна ун, 132,6 минг тонна мол ва қўй гўшти, 609,0 минг тонна сут, 9,9 минг тонна балиқ ҳамда 301,8 млн. дона тухум етиштирилади.