Тихановская ўтган ҳафтада президентликка номзод сифатида тасдиқланганди. Қонунчиликка кўра, у энди ташвиқот кампаниясини олиб бориши ва сайловчиларга ўз дастури ҳақида сўзлаб бериши мумкин бўлган. Айнан шу туфайли митинг ташвиқот пикети каби ўтди ва ҳукумат бунга рухсат берди.

Беларусда президентлик сайловлари 9 август куни ўтказилади, мамлакатни 1994 йилдан буён бошқариб келаётган амалдаги президент Александр Лукашенко навбатдаги сайловларга ҳам номзодини кўрсатган.

«Весна» ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази маълумотига кўра, акцияда 7,5 минг киши иштирок этган. Марказнинг твиттердаги саҳифасида жойлаштирилган дрон орқали олинган суратлар ҳам митингнинг кўлами ҳақида тасаввур бера олади.

Акция давомида Тихановская беларус сайловчилари зарурат туғилса ўз овози учун курашишга тайёр бўлиши кераклигини айтиб ўтган. «Ҳукумат овозларни сохталаштиришга уринади, аммо биз бу сафар ўз овозимизни назорат қилишимиз мумкин. Халқ диванидан кўтарилиши ва ўз овозини ҳимоя қилиши керак», - дея президентликка номзоднинг сўзларини келтирмоқда ТАСС агентлиги.

Воқеа жойидан трансляция уюштирмоқчи бўлган ОАВ вакилларининг маълум қилишича, митинг ўтказган майдонда мобил интернет сигналлари йўқолиб қолгани ҳақида хабар қилган шу туфайли жонли эфирлар узилиб қолган.

Асосий рақиб
Тихановскаянинг турмуш ўртоғи - машҳур блогер Сергей Тихановский - май ойи охиридан буён тергов изоляторида ётибди, уни жамоат тартибини бузишда айблашган. Аввалига унинг ўзи президентлик сайловларида иштирок этмоқчи бўлганди, аммо навбатдаги жонли эфирларидан биридан кейин уни қўлга олишганди, натижада унинг ўрнига рафиқаси сайловларда иштирок этишини маълум қилди.

Тихановская сайловни ҳимоя қилишга тўғри келиши мумкинлиги ҳақида гапирди

Тихановскаянинг президентликка номзод сифатидаги биринчи чиқиши тергов изоляторида эрининг устидан мазах қилишни бас қилиш талаби бўлганди. Адвокатларнинг хабар беришича, Сергей Тихановский ҳибс вақтида уч марта карцерга қамалган - аввалига у дераза токчасида ўтиргани учун жазоланган; кейин соқчилар у жойлаштирилган камерада ўргимчак ини топишгани учун; учинчи сафар - соқоли қиртишлаб олинмагани учун.

Тихановская эндиликда президентлик сайловларида Лукашенконинг асосий рақиби бўлади. Амалдаги президентга жиддий рақобат кўрсатиши кутилган яна икки номзод сайловда қатнашмайдиган бўлди - Белгазпромбанкнинг собиқ раҳбари Виктор Бабарико ва Юқори технологиялар парки асосчиси Валерий Цепкало. Бабарико айни вақтда ўғли билан панжара ортида ўтирибди - уларни иқтисодий жиноятларда айблашмоқда.