23 мартга ўтар кечаси Киевда Россия дронларининг ёпирилма зарбаси оқибатида уч киши ҳалок бўлди, улар орасида беш ёшли қиз ва унинг отаси ҳам бор, дея хабар бермоқда Украина расмийлари. Учувчисиз учиш аппаратлари турар жой биноларига урилиши оқибатида ёнғинлар содир бўлган.
Украина пойтахтига ҳужум маҳаллий вақт билан соат 21:00 атрофида бошланган ва соат 02:00 гача давом этган. Украинанинг бошқа ҳудудларида дронлар ҳужуми эрталабгача давом этди.
«Мавжуд маълумотларга кўра, уч киши, жумладан, 5 ёшли бола ҳалок бўлган. Яна 10 киши жароҳатланган. Ҳалок бўлганлар орасида ота ва унинг кичик қизи ҳам бор. Россия ҳужуми оқибатида жабрланганларнинг энг кичиги эса атиги 11 ойлик», – дея маълум қилди Киев расмийлари.
Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотларига кўра, якшанбага ўтар кечаси Россия Украинага 147 та дрон ва дрон-имитаторлардан (яъни вазифаси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига юкламани ошириш бўлган, портловчи моддалар ўрнатилмаган қурилмалар) фойдаланган ҳолда ҳужум қилган.
Эрталабгача 97 та учувчисиз учиш аппарати уриб туширилди, яна 25 та дрон-имитатор эса салбий оқибатларсиз локациясини йўқотган (Украина ҳарбийлари дронлар радар экранларидан ғойиб бўлганда шундай таърифдан фойдаланади).
Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво кучлари пойтахт йўналишида кўплаб дронлар парвоз қилгани ҳақида хабар берган, мониторинг каналлари эса улар ўнлаб – 20 тадан 60 тагача бўлганини кўрсатмоқда.
«Портлашлар тўхтамаяпти», – деб ёзди пойтахтда яшовчи аёллардан бири ижтимоий тармоқларда. «Бу аллақандай Армагеддон», – деб қўшимча қилади иккинчиси.
Фойдаланувчилар томонидан тарқатилган баъзи видеоларда кучли ёнғинларни кўриш мумкин.
BBC Украина хизмати мухбирлари ҳам портлашлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушгани ва «Shaheed» дронлари овозларини эшитишганини маълум қилган.

Эълон қилинган видеолардан бирида турар жой биносининг юқори қаватларидан бирида ёнғин содир бўлаётгани, баланд овозда бақир-чақирлар янграётгани акс этган. Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумотларига кўра, ушбу бинода якшанбага ўтар кечаси бир аёл ҳалок бўлган, уйдан 27 киши эвакуация қилинган.



















