Ўзбекистон | 10:27 / 27.07.2020
4618
2 дақиқада ўқилади

Дам олиш кунлари электр таъминотига чеклов киритилмади, Туркманистондан импорт ҳажми оширилди - «Ўзбекистон МЭТ»

Кун давомида етказиб бериладиган қувват ҳажми 200 МВт.гача етказилиши режалаштирилган. 

Фото: Сергей Мальгавко

Ўзбекистонда электр таъминоти тизимига 0,8-1,0 фоиз миқдорида чекловлар киритилаётгани, бу жараён иссиқлик электр станциялари иш ҳажмининг оширилиши эвазига бартараф этилаётгани ҳақида расмий баёнот берилганди.

Масалани ижобий ҳал этиш мақсадида Туркманистондан электр энергияси импорти ҳажмини бирмунча ошириш юзасидан музокаралар олиб борилаётгани, бу жараён 28 июль санасидан бошланиши режалаштирилгани ҳақида маълум қилинган эди.  

Бугун, 27 июль куни соат 01:35 вақти билан Туркманистондан электр энергияси импорт ҳажми оширилди, деб хабар қилмоқда «Ўзбекистон МЭТ» АЖ ахборот хизмати.

Ҳозирча 500 кВ.ли Қоракўл–Сердар ҳаво тармоқлари орқали Ўзбекистонга 80 МВт қувват етказиб берилмоқда. Кун давомида етказиб бериладиган қувват ҳажми 200 МВт.гача етказилиши режалаштирилган. 

Ўтган ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари энергетика тизимида истеъмолни чеклаш ҳолатлари кузатилмади. Туркманистондан электр энергияси импортининг бошланиши мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган асосий электр энергиясига қўшимча равишда янги ҳафтанинг иш кунларида ҳам (одатда дам олиш кунларига нисбатан истеъмол даражаси кескин ошиши кузатилади) истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш имконини беради, дейилади маълумотда

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид