Ўзбекистон | 15:15 / 28.07.2020
15862
4 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтида тaълим соҳaсидaги ҳaмкорликнинг дaстлaбки нaтижaлaри

Фото: Ёджу техника институти

Тараққиётнинг ҳозирги босқичида ёш авлодни ҳар томонлама билимли, хорижий тенгдошлари билан бемалол рақобатлаша оладиган, эркин фикрга эга, шунингдек, миллий ижтимоий-иқтисодий ривожланишга ўз ҳиссасини қўшадиган қилиб тарбиялаш муҳим ҳисобланади. Сўнгги йиллар давомида Ўзбекистонда қатор янги олий таълим муассасалари, хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари ташкил этилди. Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти ана шундай олий таълим муассасаларидан бири саналади.

Республиканинг бир неча олий таълим муассасаларида хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш фаолияти йўлга қўйилди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтида ҳам бугунги кунда 10 дан ортиқ қўшма дастурлар йўлга қўйилган бўлиб, мазкур қўшма дастурлар асосан 2+2 ёки 3+1 форматида амалга оширилиши имзоланган ўзаро келишув меморандумлари асосида олиб борилмоқда. Мазкур қўшма таълим дастурларининг асосий мақсади талабаларни академик босқичда ҳам миллий даражада, ҳам халқаро даражадаги машғулотларни икки йил мамлакатамизда ва икки йил хориждаги олий таълим муассасасида давом эттирилиши ҳисобланади.

2019-2020 ўқув йилида Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтида таҳсил олаётган 10 нафар талаба илк қалдирғочлар сифатида 2+2 қўшма дастури асосида Корея Республикасининг Ҳанянг университети (Hanyang University)да ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлдилар. Шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, ушбу университет жаҳондаги университетлар рейтингида 146-ўринни, Корея Республикасида эса кучли бешталикка кирган олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Жорий йилги қўшма дастурда Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти талабалари орасида танлов ташкил этилди ва бўлиб ўтган синовлар натижаси бўйича 10 нафар талаба ўқишини хорижда давом эттириш ҳуқуқини қўлга киритди. Талабаларнинг саралаш ишларини махсус комиссия амалга оширган бўлиб, комиссия таркибида салмоқли ўринни хорижий олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ташкил этди. Имтиҳонлар уч босқичда бўлиб ўтди.

Биринчи босқичда талабалар якунланган ўқув курслари бўйича эришган натижалари бўйича сараланган бўлса, иккинчи босқичда корейс тилидан тест синовлари бўлиб ўтди. Учинчи босқич, махсус комиссия билан онлайн ва оффлайн тарзда суҳбат бўлиб ўтди. Мазкур имтиҳондан муваффақиятли ўтган 10 нафар талаба ҳозирда Корея Республикасида ўқишни давом эттириш учун махсус сертификатларни қўлга киритишди ҳамда янги ўқув йилидан таҳсилни хорижда давом эттирадилар. Таъкидлаб ўтиш жоизки, агар ушбу талабалар келгуси ўқишларини Корея Республикасининг Ҳанянг университетида муваффақиятли тугатишса, улар иккита дипломга сазовор бўладилар. Биринчиси Корея Республикасининг Ҳанянг университети, иккинчиси эса Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтининг дипломлари.

Юқоридагилар билан бир қаторда, бугунги кунда Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти кўплаб хорижий олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлган қўйган бўлиб, икки томонлама ҳамкорлик ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликда илмий ва амалий тадқиқотлар олиб бориш, халқаро талабалар алмашинув дастурида йўлга қўйиш каби кўплаб лойиҳалар ва шартномалар бўйича иш олиб бормоқда.

Жумладан, Корея Республикаси, Ҳиндистон, Малайзия, Россия Федерацияси, Буюк Британия, Финландия, Польша, Латвия, Болгария, Украина, Португалия, Белгия, Бразилия каби таълим соҳасида юқори натижага эришган давлатларнинг юқори нуфузга эга олий таълим муассасалари билан кенг ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Халқаро ҳамкорлик кейинги босқичида республикага олий таълим экспорти салоҳиятини оширишга қаратилган стратегия ишлаб чиқилиб амалиётга жорий этиш масалалари кўриб чиқилмоқда. Келгусида институтга хорижий талабалар сонини кўпайтириш орқали фаолиятни янада кенгайтириш ишлари давом этмоқда.

Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтида таҳсил олаётган қуйидаги 10 нафар талаба илк қалдирғочлар сифатида 2+2 қўшма дастури асосида Корея Республикасининг Ҳанянг университети (Hanyang University)да ўқишни давом эттириши имкониятига эга бўлдилар.

Мавзуга оид