Спорт | 13:35 / 31.07.2020
18609
2 дақиқада ўқилади

Клуб учун бир йилга қанча пул етарли? «Локомотив» бош менежери жавоб берди

#FootWeek кўрсатувининг навбатдаги сонида ижодий жамоамиз Тошкентнинг «Локомотив» клуби меҳмони бўлди. Жамоа бош менежери Тўлабек Акромов барча саволларга очиқ жавоб берди ва мухлисларда клубнинг бугунги ҳолати ҳақида умумий хулосага келиш учун етарли маълумотларни берди.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, «Локомотив»даги натижалар пасайишига молиявий муаммонинг алоқаси йўқ. Умуман, «Локомотив»да молиявий муаммонинг ўзи йўқлиги айтилди. Натижалар ёмонлашгани Тўлабек Акрамов томонидан шунчаки ўйин ҳолати деб баҳоланди. Унинг айтишича, клубнинг бош ҳомийси ҳамон «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамда ташкилот «Локомотив»ни молиялаштиришни тўхтатгани йўқ.

«Локомотив» бош менежери клубларнинг бир йиллик сметаси қанча бўлиши ҳақидаги саволга очиқ жавоб берди. Унинг айтишича, «Локомотив» чемпион бўлган мавсумда жамоанинг йиллик сметаси 16 миллиард сўм бўлган. Ҳозир эса чемпионлик учун курашишган бўлмаса-да, рақобатбардош жамоа шакллантириш учун 25 миллиард сўм етарли экани айтилди. Акрамовнинг фикрича, «Пахтакор»нинг бугунги ҳолатида чемпионлик учун бошқа жамоаларнинг курашиши деярли имконсиз.

Ўз навбатида Тўлабек Акрамов «Локомотив»нинг тарихи йўқ дейдиганларга қарата ҳам очиқ гапирди: «Бизни «Футбол плюс» кўрсатувида Жамолиддин ака билан бирга тарихи йўқ жамоа деб гапирасизлар. Лекин, кечирасиз, биз ўша тарихни яратяпмиз. Жамоа ташкил топганига 16 йил бўлди. Бу орада чемпион бўлдик, кубокни ютдик, Осиё Чемпионлар Лигасида чорак финалгача бордик. Бизни «Пахтакор» билан солиштириш мантиқсизлик бўларди».

Кўрсатувнинг бу сонида ҳам кўплаб қизиқарли мавзулардаги мулоҳазалар ўрин олган. Хусусан, ҳар бир ғалаба учун 3 минг туп дарахтга етадиган пул эҳсон қилган футболчи, жамоасини ўзгартирган Ловрен, пенальтини ҳам шоуга айлантирган Неймар ҳақидаги қизиқарли мулоҳазалар.

Мавзуга оид