Жамият | 11:37 / 18.08.2020
36725
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда майитни ўликхонадан чиқариш эвазига 200 доллар талаб қилган эксперт ушланди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

Тадбир давомида Суд тиббий экспертиза илмий амалий маркази Тошкент шаҳар филиали бошлиғи ўринбосари ва ўриндошлик асосида комиссион экспертизалар бўлими суд-тиббий эксперти З.У. ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаро И.нинг 2020 йил 15 август куни вафот этган қариндоши А.нинг мурдасини ўликхонадан чиқариб бериш эвазига 200 АҚШ долларини тамагирлик йўли билан талаб қилиб олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан З.У.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид