Лиммо-лим қадаҳга тўкилган сўнгги томчи

Бир неча йилдан бери мухолифат истеъфосини талаб қилиб келаётган Кейта телеэкранларда пайдо бўлди ва «қон тўкилишини истамагани учун» истеъфога чиққанини, парламент ва ҳукуматнинг эса тарқатиб юборилганини маълум қилди.

Иброҳим Боубакар Кейта

Сўнгги бир йил давомида мамлакатни яхши бошқара олмагани учун танқид қилинган Кейта коррупция, қариндошларини турли лавозимларга тайинлаш, сайловларда манипуляция қилиш ва иқтисодий сиёсатда муваффақиятсизликка учрашда айбланди. Малида Кейта бошқарувига қарши бўлинган мухолифат сўнгги уч ой ичида мамлакатнинг энг илғор раҳбарларидан бири бўлган собиқ Исломий кенгаш раиси Имом Маҳмуд Диконинг ташаббуслари остида бирлашди. Имом Дико раҳбарлиги остида июнь ва июль ойларида ҳукуматга қарши кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтди. Камида 11 нафар намойишчи вафот этди ва 100дан ортиқ одам жароҳат олди. Гарчи 5 мингдан ортиқ француз аскарлари, G5 Соҳил кучи ва 10 мингдан ортиқ ходимга эга БМТ миссияси мавжудлигига қарамай, хавфсизлик муаммоларининг кучайиши Кейта маъмуриятини ларзага келтирди.

Малидаги сиёсий инқироз на президент Кейта томонидан бош вазирнинг вақтинча истеъфога чиқарилиши, на сайловлар якунидаги қарорлари билан танқид остида қолган Конституциявий суднинг тарқатилиши, на Гана, Сенегал ва Нигерия президентларининг саъй-ҳаракатлари билан барҳам топди, аксинча, вазият янада чигаллашди. Чунки мухолифат Кейта ва бош вазир Боубоу Сиссенинг лавозимни тарк этишини талаб қилаётганди ва уларнинг ҳар иккисини мамлакатда бўҳрон юзага келишида айблаётганди.

Гарчи Кейта 2013 йилда ҳукумат тепасига келгач, Малида нисбатан сиёсий барқарорликни сақлаб келгани даъво қилинса-да, аммо у иқтисодий вазиятни яхшилаш ва шимолда давом этаётган ички низоларни тугатишга муваффақ бўла олмади. Жуда кам сайловчилар овози билан сайланган Кейтанинг террористик ташкилотлар томонидан ўғирлаб кетилган мухолифат етакчисини қутқаришга интилмагани шундоғам лиммо-лим бўлиб турган қадаҳга тўкилган сўнгги томчи бўлди.

Пандемия туфайли Малида кўплаб одамлар ишсиз қолди ва иқтисодий қийинчиликда яшаётган одамлар янада қашшоқлашди. Коронавирус эпидемияси туфайли олинган ёрдамнинг қандай ишлатилгани ва кимга тарқатилгани борасида ҳукумат поёнида турганини кўрсатувчи белгига айланди.

Имом Маҳмуд Дико 19 август куни барча малиликларни намойиш ўтказишга чорлар экан, давлат раҳбари ва ҳукуматнинг иши тамом бўлганини иддао қилди. Имом Дико ва мухолифат ушбу катта намойишга тайёргарлик кўраётган бир пайтда ҳарбийлар эртароқ ҳаракат қилишди ва 18 август куни пойтахт Бамакодан 15 км узоқликдаги Кати гарнизонидан чиқиб, тўнтаришни бошлаб юборишди.