ИИВ Бойсунда портлаб кетган машина бўйича расмий маълумот берди
Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 12 август куни соат 19:05ларда, Сурхондарё вилояти Бойсун тумани, “Инкабод” маҳалласи ҳудудидан ўтган 4Р-105 автомобиль йўлининг 33-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳайдовчи, 1981 йилда туғилган У.Х. “Ваз-2107” русумли автомобилга 6 дона пропан газ тўлдирилган баллонларни ортиб, “Денов-Бойсун” йўналиши бўйлаб бошқариб кетаётиб, автомашина салонида сигаретни туташиш мақсадида олов ёққан вақтида чақнаш содир бўлиб, ёнғин юзага келган.
Натижада, ҳайдовчи У.Х. автомашинани тўхтатиб, салон олд ўриндиғида ўтирган ўғли, 2011 йилда туғилган Д.И.ни куйиш тан жароҳатлари билан салон ичидан олиб чиққан. Транспорт воситаси ёнғин оқибатида тўлиқ зарарланган.
9 ёшли Д.И. 30-35 фоиз куйиш тан жароҳатлари билан туман шошилинч тез тиббий бўлимига ётқизилган. Тиббий муолажалар кўрсатилишига қарамай, жорий йилнинг 14 август куни соат 15:30ларда вояга етмаган Д.И. вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти, Бойсун туман ФВБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.