Трамп Висконсиндаги тартибсизликларни бостириш учун штатга миллий гвардия юборди
АҚШ президенти Дональд Трамп охирги кунларда тартибсизликлар гирдобида қолган Кеноша (Висконсин штати) шаҳрига миллий гвардия хизматчиларини юборди. Штат губернатори Тони Эверс федерал ёрдамни қабул қилишга рози бўлган.
Кеношада тартибсизликлар 29 ёшли афроамерикалик Жейкоб Блейк полиция томонидан жароҳатлангандан кейин бошланган эди. Штатда тартибсизликлар сабабли фавқулодда вазият режими киритилган.
“Мен тартиб тикланиши учун Кеношага федерал ҳуқуқ-тартибот идоралари ва миллий гвардияни юбормоқдаман! Биз АҚШ кўчаларидаги талончиликлар, ўт қўйишлар, зўравонлик ва қонунсизликка чидаб турмаймиз”, деб ёзган Трамп твиттерда.
Штатда киритилган фавқулодда вазият режими тезкор хизматларга инфратузилма ва маданий объектларни ҳимоя қилишда ёрдам бериш имконини беради. Кеношада тунги вақт комендантлик соати киритилган.
АҚШ полициясининг навбатдаги жабрдийдасига айланган Жейкоб Блейк икки аёл ўртасидаги жанжални тўхтатиш вақтида полициячилардан бири томонидан ўққа тутилган. Блейк воқеа жойига келган полициячилар буйруғига бўйсунмай, ўз машинасига ўтирмоқчи бўлганда полициячилардан бири унинг орқасидан 7 марта ўқ узган. Блейк оғир аҳволда шифохонага етказилган ва у ҳозирда ўз ҳушида. Олинган жароҳатлар оқибатида унинг белидан пастки қисми фалажланган. Блейкнинг адвокатлари унга яна юриб кетиши учун “мўъжиза” керак бўлишини айтишмоқда.
100 минг кишилик Кеношадаги ушбу ҳодиса АҚШда полиция ва ҳукуматга қарши янги норозиликларни келтириб чиқарган. Висконсиндаги тартибсизликлар комендантлик соатига қарамай бир неча кундан бери давом этмоқда. Намойишчилар дўконларни талашмоқда, кўплаб объектларга ўт қўйишмоқда. 25 августда маҳаллий АЁҚШлардан бири ёнида юз берган можаро вақтида икки киши отиб ўлдирилган, яна бир киши жароҳат олган.
Мавзуга оид
20:56 / 11.06.2024
Қозоғистонда президент қароргоҳига ҳужум қилганлар турли муддатга қамалди
15:41 / 29.03.2024
Фото: Тошкентда одамлар гавжум жойлар кучайтирилган тартибда қўриқланмоқда
18:08 / 15.02.2024
“Ўзини назоратчидек тутган ходимлар ҳам бўлди” – миллий гвардиянинг мактаб ишига аралашуви ҳақида
22:16 / 25.07.2023