Блогернинг тўсатдан ғойиб бўлиб, бунинг ортидан отаси Gazeta.uz сайтига ўғли 22 август куни вертолётда, бошига қоп кийдирилган ҳолда олиб кетилганини айтгач, жамоатчиликда кўплаб саволлар пайдо бўлди.

Бош прокуратура Ҳайдаржон Бобоҳайдаровнинг ҳибсга олинганидан 8 кун ўтиб, бу ҳақда ахборот берди. Унда Бобоҳайдаров жиноят иши бўйича гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, ЖПКнинг 226-моддаси тартибида ушлангани айтилади.

Kun.uz мухбири Фарғона шаҳрида бўлиб, вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи ва блогернинг адвокати билан суҳбатлашди.

Ҳибс муддати суд ажрими билан 10 суткага узайтирилган

Фарғона вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Алишер Бобохўжаев ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.

«Шу йилнинг май ойида Сўх туманининг Чашма қишлоғида Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари ўртасида тўқнашув юз берган. Оммавий тартибсизликларнинг олдини олиш ва аҳолини тинчлантириш мақсадида ҳодиса жойига етиб борган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва ҳокимлик вакилларига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан фаол қаршилик кўрсатиш ҳолатлари содир этилган. Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилоят прокуратураси томонидан 2020 йил 1 июнь куни жиноят кодексининг 219-моддаси ва 244-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари давомида «Дадахон» тахаллуси билан танилган Ҳайдаржон Бобоҳайдаров оммавий тартибсизликлар вақтида фаоллик кўрсатиб, ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатишда иштирок этганлик ҳолатлари бўлгани сабабли ушбу фуқаро жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган ва ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Ушлаб туриш муддати жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг ажрими билан ЖПКнинг 226-моддаси тартибида 10 суткага узайтирилган. Ҳозирда Ҳайдаржон Бобоҳайдаровга айб эълон қилиш билан боғлиқ ҳолатлар текширилмоқда. Ушбу масала тергов ҳаракатлари давомида ҳал қилинади», – деди Алишер Бобохўжаев.