Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятининг Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Таъкидланганидек, авваллари Сўх етиб бориш қийин, транспорт ва логистика имкониятлари чекланган, иқтисодий алоқалари заиф ҳудудлардан бири эди. Сўнгги йилларда минтақавий ҳамкорлик ва қатъий сиёсий ирода туфайли бу ҳудудни комплекс ривожлантириш учун янги имкониятлар яратилди. Янги йўллар очилди, чегарадан ўтиш тартиблари енгиллаштирилди, тадбиркорлик учун шароитлар яхшиланди, замонавий боғча, мактаб, поликлиника ва уй-жойлар барпо этилди.

Бугунги кунда Сўхдаги 25 та маҳаллада 88,6 минг аҳоли яшайди. Ҳудудда 29 та мактабгача таълим ташкилоти, 33 та мактаб, 2 та ўрта махсус таълим муассасаси, 14 та соғлиқни сақлаш муассасаси ва 2 та маданият объекти фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йилнинг ўзида 13 минг 921 та иш ўрни яратилди, 1 минг 667 та оила камбағалликдан чиқарилди. Шу билан бирга, туманда камбағаллик даражаси 7,9 фоиз, ишсизлик 5,5 фоизни ташкил этиб, бу кўрсаткичлар ҳали ҳам республика ўртача даражасидан юқори экани кўрсатиб ўтилди.

Тақдимотда мутасаддилар жорий йилда туманга 40 миллион доллар инвестиция жалб қилиш, 15 миллион долларлик экспортни таъминлаш режаси олингани ҳақида ахборот берди. Бунинг ҳисобига саноатда 9 фоиз, хизматлар соҳасида 17,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 7,6 фоиз ўсишга эришиш кўзда тутилган.

Йиғилишда туманнинг туризм салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилди. Сўхнинг табиати мазкур соҳани иқтисодиёт драйверларидан бирига айлантириш имконини бериши таъкидланди. Масалан, Сариканда, Ровон ва Истиқлол маҳаллаларидан ўтган Сўх дарёси қирғоқларида янги туризм объектларини қурса бўлади. Ёки бу ерда реабилитация, физиотерапия, дори-дармон логистикаси ва тиббий таълимни бир ҳудудда жамлаган Тиббий хизматлар кластерини ташкил этиш учун барча шароитлар мавжуд.

Умуман, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасида 60 миллион доллар инвестиция жалб қилиш, қарийб 2 минг иш ўрни яратиш, туризм хизматлари ҳажмини 15 миллиард сўмга, экспортни эса 2 миллион долларга ошириш режалаштирилгани маълум қилинди.

Энг муҳим вазифалардан бири сифатида аҳоли яшаши ва меҳнат қилиши учун қулай инфратузилма яратиш, тадбиркорликни кенгайтириш ва бандликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳар бир маҳаллада 10 тадан, жами 300 та микролойиҳа ишга туширилиб, 8,6 минг аҳоли касб-ҳунарга ўқитилади. Бу лойиҳаларга банклар томонидан 64 миллиард сўм кредит ресурси йўналтирилади, ижтимоий ва инфратузилма объектлари учун эса қўшимча 74,5 миллиард сўм ажратилади.