7 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судида Зокиржонов Жавоҳир Зокиржон ўғлига нисбатан юритилган жиноят иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда гувоҳлар сўроқ қилинди.

Тергов органи айблов хулосасига кўра, «Қўшёғоч олтин файзли балиқлари» МЧЖ раҳбарлари – Жавоҳир Зокиржонов ва унинг акаси Бекзод Зокиржонов 2019 йил июнь-сентябрь ойлари давомида балиқчилик ҳавзасини ташкил этиш учун қазиб олинган қум-шағал аралашмаларини иш ҳақи ва бошқа мақсаддаги ҳисоб-китоб келишувига асосан ташиб кетилишига йўл қўйган. Шу тарзда, тадбиркорлар ўзларига ишониб топширилган ва уларнинг ихтиёрида бўлган жами қиймати 600 789 105 сўмлик давлат мулкини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликда айбланяпти.
Адвокат Умид Давлатовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, унинг ҳимояси остидаги Жавоҳир Зокиржонов Жиноят кодексининг 167-моддаси («ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш») 3 қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда. Адвокат ушбу жиноят иши доирасида бир қанча процессуал тартиблар бузилгани, судланувчининг айблилигини исботлаш учун етарли далил мавжуд эмаслигини эътироф этиб, оқлов ҳимоя позициясида эканини билдирди.
Судланувчи Жавоҳир Зокиржоновга кўра, ундан туман прокурори катта ёрдамчиси – ишни юритган терговчи Жамолшер Рустамов депутат Расул Кушербаевга нисбатан кўрсатма беришини талаб қилган.
«Ҳаммасини у қилган, деди. Сен фақат ўртада тургандинг, ўша нарсани ёзиб берсанг, бас, деди... «Менинг номимга жой берилганди, корхонанинг норасмий раҳбари у эди», деб ёзиб бер, деган», – дея судда кўрсатма берди Жавоҳир Зокиржонов.
Адвокатнинг илтимосига кўра, судда депутат Расул Кушербаев ҳам гувоҳ тариқасида сўроқ қилинди. У Жавоҳирни аввалдан танишини, сайловчиларига ғамхўр бўлиб, Янгийўл ва Чиноз туманларида яшовчи аҳоли мурожаатини доим ўрганиб келганини, Зокиржонов ҳам шулардан бири бўлганини айтди.

«Янгийўл туманида фаолият олиб борувчи тадбиркорлар сонини аниқ билмайман, бутун республикада ҳам кўп. Менга улардан кўп масалада мурожаат келиб тушади. Жавоҳир ва унинг акаси мен яшаётган маҳаллада истиқомат қилади. Кимгадир иши битишида қандайдир нафим тегса, бу нотўғри тушунилиб, бунда менинг улушим бор, деган фараз пайдо бўлса – бу ўша одамларнинг бузуқлигидан.















