2021-2025 йилларда Марказий Осиё мамлакатларининг умумий ялпи ички маҳсулоти 285 млрд доллардан 543 млрд долларга ошиб, қарийб 2 баробарлик ўсиш кузатилган. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти Руслан Абатуров Жаҳон банки маълумотлари асосида миқтақа давлатларининг иқтисодий кўрсаткичларини таҳлил қилди.
 

2025 йил якунларига кўра Минтақа ЯИМининг мамлакатлар кесимидаги таркибида Қозоғистон энг катта улушга эга бўлиб қоляпти. Аммо ҳисобот даврида умумий улуш 60 фоиздан 56 фоизга қисқарган. Ўз навбатида Ўзбекистоннинг улуши 24,6 фоиздан 27,1 фоизга, Қирғизистонники 2,9 фоиздан 4,2 фоизга, Тожикистонники 2,9 фоиздан 3,3 фоизга ошган. Туркманистоннинг улуши эса 9,6 фоиздан 9,2 фоизга камайди.

Қозоғистон иқтисодиёти 5 йил давомида 171 млрд доллардан 306 млрд долларга ошган. Ўртача йиллик реал ўсиш 4,8 фоизни ташкил этиб, минтақа мамлакатлари орасида энг паст кўрсаткич бўлди, шу сабабли Қозоғистоннинг минтақа иқтисодиётидаги улуши камайган.

Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти таркибида қишлоқ хўжалигининг улуши 5,4 фоиздан 3,7 фоизга саноат ва қурилишнинг улуши эса 33,1 фоиздан 32,3 фоизга камайди. Шу билан бирга, хизматлар соҳасининг улуши 56,1 фоиздан 57,7 фоизга ошди. Қишлоқ хўжалигида қўшилган қийматнинг ўртача йиллик реал ўсиши 3,5 фоизни, саноат ва қурилишда 5,5 фоизни, хизматлар соҳасида 4,4 фоизни ташкил этди.

Қирғизистон ялпи ички маҳсулоти 8,3 млрд доллардан 22,6 млрд долларга етди. Ўртача йиллик реал ўсиш 9,2 фоизни ташкил этиб, минтақа мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткич бўлди. 2021 йилдан кейин иқтисодий ўсиш тезлашиб, 2022–2023 йилларда реал ЯИМ ўсиши йилига қарийб 9 фоизни, 2024–2025 йилларда эса 11 фоиздан кўпроқни ташкил этди.

Қирғизистон иқтисодиёти таркибида қишлоқ хўжалигининг улуши 12,2 фоиздан 8 фоизга камайди. Саноат ва қурилишнинг улуши деярли ўзгармай, 26,9 фоиздан 26,5 фоизга тушди, хизматлар соҳасининг улуши эса 50,7 фоиздан 51,2 фоизга ошди. Қишлоқ хўжалигида қўшилган қийматнинг ўртача йиллик реал ўсиши 2,3 фоизни, саноат ва қурилишда 10,5 фоизни, хизматлар соҳасида 8,5 фоизни ташкил этди.