Ўзбекистон | 11:26 / 09.09.2020
3766
3 дақиқада ўқилади

Пандемия шароитида ўқув марказлари фаолияти қай тартибда ташкил этилиши кераклиги бўйича маълумот берилди

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева АОКАда ўтказилган брифингда пандемия шароитида ўқув марказлари фаолияти қандай тартибда ташкил этилиши ҳақида маълумот берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан пандемия шароитида ташкилотлар ва корхоналар, жумладан хусусий мактаб ва боғча, шу билан бирга хусусий ўқув марказларда иш фаолиятини ташкил этиш борасида вақтинчалик САНПИН қоидалари ва меъёрлари тасдиқланган. Мазкур қоидалар ва меъёрлар асосида хусусий мактаблар, боғчалар ва ўқув марказларга қуйидагилар белгилаб берилган:

  • барча корхона ва ташкилотларда ташриф буюраётганларни фильтрдан ўтказиш (тана ҳароратини ўлчаш, антисептик воситалари билан қўлларга ишлов бериш), шу билан бирга агар имконият бўлса ниқоблар ва қўлқоплар билан таъминлаш;
  • ҳар бир қаватларда антисептик воситалари билан қўлларни ишлов бериш ёки қўлларни совун билан ювиш имкониятларини яратиш;
  • кундалик хлор таркибли воситалар билан тозалов ишларини олиб бориш ва белгиланган тартибда ДСЭН билан келишган ҳолда бирламчи ва кейинчалик шартнома асосида биноларни дезинфекциялаш;
  • дарсларни ташкил этиш борасида 2 метрлик масофани сақлаган ҳолда таълим олувчиларни жойлаштириш, бунда аудиторияларни катта кичиклигидан келиб чиққан ҳолда таҳсил олувчилар сони 10-15тадан ошмаслиги керак;
  • барча ўқувчилар ниқобда бўлишлари керак ва ҳар 2-3 соатда ниқобларни алмаштириш талаб этилади;
  • хоналарни кунига 2-3 марта шамоллатиш;
  • дарслар давомийлиги ўқув маркази белгилаган тартибда ўтказилади, лекин 30-40 дақиқа оралиғида хоналарни шамоллатиш учун ўқувчиларга танаффуслар бериш;
  • имкон булса, барча дарслар тугаганидан сўнг хоналар ҳаволарини кварцлаш.

Шунингдек, сурункали гепатит касаллиги бор ўқитувчилар мактабда ишлаши қай даражада хавфли экани ҳақидаги саволига жавоб берилди.

«Сурункали гепатити бор шахслар коронавирус инфекцияси оғир кечиши кўра хавф гуруҳига кирадилар. Улар имкон қадар бошқалар билан камроқ алоқада бўлишлари лозим. Болалар касалликни енгил ёки симптомсиз ўтказишлари ва вирус ташувчиси бўлишларини ҳисобга олган ҳолда карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш лозим.

Сурункали гепатит билан оғриган беморда коронавируснинг илк белгилари пайдо бўлиши биланоқ поликлиника шифокорига мурожаат қилиш ва ўз вақтида муолажаларни бошлаш керак», деди штаб аъзоси.

Мавзуга оид