Бу президентнинг 2026 йил 4 ноябрдаги «Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришда хусусий сектор иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–392-сон қарорида белгиланди.
Янги тартибга кўра, аутсорсинг шартномалари хизматнинг хусусияти ва аутсорсер киритадиган инвестициялар ҳажмидан келиб чиқиб, 5 йилгача муддатга тузилади.
Алоҳида ҳолларда инвестицияни қоплаш муддати ҳисобга олиниб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги хулосаси асосида шартномани истисно тариқасида 10 йилгача тузиш мумкин бўлади. Янги тартиб жорий этилгунига қадар муддати тугайдиган аутсорсинг лойиҳаларини эса 2027 йил якунигача давом эттиришга рухсат берилади.
Шунингдек, 2027 йил 1 январдан соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича узоқ ва қисқа муддатли мастер режалар асосида давлат ва хусусий сектор иштирокида янги механизмлар жорий этилади.
Хусусан, хусусий сектор тиббиёт соҳасига жалб этилаётганда ҳудуддаги тиббий хизматларга эҳтиёж ҳамда давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларининг мавжуд қувватлари инобатга олинади.
Давлат кафолатлаган тиббий ёрдамни кўрсатиш учун зарур муассасалар давлат тасарруфида сақланади. Уларнинг қувватлари аҳолининг тиббий хизматларга ҳақиқий эҳтиёжига мутаносиб равишда ривожлантирилади.
Фаолият самарадорлигини ошириш, илғор бошқарув тажрибаси ва замонавий клиник технологияларни жорий этиш зарур бўлган айрим тиббиёт муассасаларига профессионал бошқарувчилар жалб қилинади.











