Бу ҳақдаги янгиликни эшитгач, бу йил ТДЮУ бакалавриатини «Халқаро ҳуқуқ» йўналишида тамомлаган Сайидкомил билан боғланиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.

«Президентимизнинг шу йил 29 апрелдаги фармони билан, университетимиз тарихида илк бор истиқболли битирувчилар ва ўқитувчиларни хорижда магистратура ва докторантура босқичида таълим олиш харажатларини қоплаб бериш тизими йўлга қўйилди. Мен университетимизда бўлиб ўтган танловда иштирок этиб, Буюк Британиянинг Глазго шаҳрида жойлашган Глазго университетида магистратура босқичида ўқишни давом эттириш имкониятини қўлга киритдим.

Танлов икки босқичда бўлиб ўтди: факультет босқичи ва университет босқичи. Иккала босқичдан муваффақиятли ўтдим ва ректоримиз буйруғига асосан, ўқиш ва турар-жой билан боғлиқ харажатлар университет томонидан молиялаштириладиган бўлди.

Бундан ташқари, ўзим учун энг қувонарли тарафи – Глазго университети томонидан 20 нафар талабага бериладиган стипендиялардан бирига эга бўлдим. Бу мен учун кутилмаган хушхабар бўлди. Чунки бошқа табдирлар туфайли магистратура имтиҳонлари учун ўзим хоҳлаганимдек тайёргарлик кўра олмаган эдим», – дейди ёш ҳуқуқшунос.

– Қандай қизиқишларингиз бор?

– Кўпроқ фалсафа ва адабиётга қизиқаман. Бўш вақтларимда уларга кўпроқ вақт ажратаман. Орзум – янгиланаётган Ўзбекистонда ўзимизнинг ренессансимизни кўриш. Буюк Британияда ўқишни тамомлагач, ватанга қайтиб, унинг ривожланишига ўз ҳиссамни қўшишдир.

Бошланғич таълимни ўзбек мактабида ўқиганман, 5-синфга ўтаётганимда ота-онам мени рус мактабга ўтказишди. Шу туфайли ўқиш кўрсаткичларим 5-синфда тушиб кетди. Ўша вақтда бу бола сифатида мен дуч келган илк қийинчиликлардан бири эди. Лекин устозларим мени доим қўллаб туришган.

– Мақсадга эришиш формулангиз борми?

– 29 февралда Глазго университетидан ўқишга қабул қилинганлигим ҳақида хабар келди, лекин ўқишнинг молиявий томони ҳали ҳал қилинмаган эди. Буни кафедрамиздаги ўқитувчиларимга айтганимда, улар менга тўғри маслаҳат бериб, мени қўллаб-қувватлашди. Улар: «Ҳеч қачон таслим бўлма, яхши ният қилиб олға қадам бос», дейишди. Шундан сўнг 29 апрелда президентимиз фармони чиқди, августда стипендияга эга бўлдим...