Халқаро соғлиқни сақлаш ва статистика бўйича мутахассис, таниқли маърузачи Ҳанс Рослинг муаллифлигидаги китоб дунё ҳақидаги стереотипларни ўзгартириши билан оммалашган.

Китобда: «Дунё аслида биз ўйлаганчалик ёмон жой эмас. У фақатгина гегемон давлатларнинг рақобат майдони, қирғинбаротлар, табиий офатлардан иборат эмас», деган фикр илгари сурилади.

Муаллиф одамлар дунё адолатсизлик ва ёмонликдан иборат деган фикрга нега келиб қолишганини 10та сабаб билан изоҳлайди.

1-сабаб. Дунё фақат оқ ва қорадан иборат деган янглиш тасаввур

Рослинг буни инсондаги бўлиниш инстинки билан боғлайди ва дунёни қабул қилишдаги энг катта хато деб баҳолайди. Бўлиниш инстинкти бизда дунё камбағаллар ва бойларга бўлинган деган адолатсизлик картинасини ҳосил қилади.

Инсон психикаси дихотимияни – ҳамма нарсани иккига бўлиб тасаввур қилишни яхши кўради: яхшилар ва ёмонлар, бойлар ва камбағаллар, ривожланганлар ва қолоқлар. Ваҳоланки, олтин ўрталик ҳам мавжуд. Бир мамлакатда жуда бойлар ва жуда қашшоқларнинг бўлиши ҳақиқат, лекин бу ўша мамлакат фақатгина шу икки тоифадан иборат дегани эмас. Кўплаб мамлакатларда ўртаҳол шароитда яшаётганлар аксариятни ташкил қилади.

Аммо муаллиф ўтказган сўровномалар бошқача натижани кўрсатади. Дунёда камбағаллик даражаси неча фоиз деган саволга аксарият, ҳатто зиёли қатлам вакиллари ҳам 50 фоиз деб жавоб беришади. Аслида эса бу кўрсаткич – атиги 9 фоиз.

Дунёда 60-йилларда бой мамлакатлар ва қашшоқ мамлакатлар контрасти жуда сезиларли даражада бўлган бўлса, иккинчи минг йилликка келиб, бу зиддият тобора йўқолиб бормоқда. Аммо статистикадан қолган ҳиссиётлар таъсири ҳали йўқолмади. Яъни одамларнинг дунёдаги вазият ҳақидаги тасаввурлари ҳали ҳам 60-йилларники билан турибди. Чунки дунё манзарасини шакллантирувчи асосий платформа – оммавий ахборот воситалари шу қолипда маълумот узатмоқда.

Биз 60-йилларнинг хариталаридан фойдаланмаймиз-ку, лекин нега 60 йилларнинг статистикаси билан қотиб қоляпмиз, деб ёзади Рослинг.

2-сабаб. Негативлик инстинкти ёмонликка диққат қаратишга мажбурлайди

Инсон онги танқид қилишга, камчилик ахтаришга мослашган. Чунки камчиликни топиб, уни бартараф этиш орқалигина прогрессга эришиш мумкин. Аммо умумий картинада ижобий ўзгаришлар ҳам борлигини ҳеч қачон унутмаслик керак.

Дунёда маънавий инқироз кетяпти, охирзамон келяпти, муаммолар кўпайяпти, деган фикрлар аксариятда устувор. Ваҳоланки, ижобий ўсиш суръатлари кўпроқ. Дунё миқёсида болалар меҳнатига чек қўйилмоқда, одамларнинг яшаш давомийлиги ошяпти (1800 йилда ўртача умр давомийлиги 30 ёш бўлган, ҳозир эса 70-72 ёш), 20 йил аввал аҳолининг 29 фоизи қашшоқликда яшаган бўлса, ҳозир уларнинг кўрсаткичи 9 фоиз. Ўтган асрда бўлганидек оммавий очарчилик ва қирғирбаротлар кузатилаётани йўқ.