Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Саида Мирзиёева Тошкент вилояти прокуратурасидан шифокор Гулжаҳон Йўлдошевага оид қарорни қайта кўриб чиқишни сўради
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева Ўзбекистонда сўнгги вақтларда муҳокамалар марказида бўлиб турган Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори – Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошевага оид воқеага муносабат билдирди.
У Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори - вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошеванинг қамоққа олиниши билан боғлиқ ҳолатга тўхталган.
«Мен учун, ҳам аёл, ҳам она ва гендер тенглиги комиссиясининг аъзоси сифатида бу жуда муҳимдир!», дея қайд этган Саида Мирзиёева.
У Гулжаҳон Йўлдошева биринчи галда аёл киши эканлиги, қарамоғида 6 нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олган ҳолда Тошкент вилояти прокуратурасидан қарор қайта кўриб чиқилишини сўраган.
«Мен унга қўйилган айбловларнинг қонуний ёки ноқонунийлигини ҳеч қандай баҳоламоқчи эмасман, бу суднинг мутлақ ваколати. Аммо сизнинг эътиборингизни шунга қаратмоқчиманки, энг кичиги атиги икки ёшда бўлган олти фарзанднинг онаси судгача қамоқда сақланмоқда. Бизнинг қонунчилигимиз, бошқа ривожланган мамлакатлар қонунчилиги сингари, эркакларга қараганда аёллар учун бироз кўпроқ имтиёзларни ўз ичига олади. Бунга мисол сифатида аёл кишининг ҳомиладорлиги ёки вояга етмаган фарзандлари борлиги унга енгиллаштирувчи ҳолатлар тақдим этиши мумкин. Бу ҳам инсонпарварликнинг бир тури.
Гулжаҳоннинг ишида нега қонун бу қадар қаттиқ ва қатъий? Олти бола билан қаергадир қочиб қутилиши мумкинми? Наҳотки судгача қамоқда сақлаш бизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ягона йўли бўлса? Жиноят-процессуал қонунчилигида бошқа таъсирчан эҳтиёт чораларини қўллашга нима халақит беради?
Ҳибсга олиш — бу кучли стресс ва шахснинг маънан синдирилишидир. Айниқса, уйда ёш болаларингиз бўлганида... Шунинг учун Тошкент вилояти прокуратурасидан қарорни қайта кўриб чиқишни сўраб қоламан», деган у.
Аввалроқ Танзила Норбоева Тошкент вилояти бош инфекционистига қўлланилган эҳтиёт чорасига муносабат билдириб, «Оғир жиноят қилганлар ҳам четга чиқиб кетмаслик шарти билан уйда сақланади — боласининг олдида, оиласида бўлади. Шу нуқтаи назардан, унинг жинояти қанчалик оғир ёки оғир эмаслигига ҳозир баҳо бера олмайман, лекин аёл киши, кичкина боласи борлигини эътиборга олиб, ҳозирча қамоққа олмаслик ҳам мумкин эди, қачонки суд қарор чиқармагунича», деганди.
Шунингдек, Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратов Гулжаҳон Йўлдошевага қўлланган эҳтиёт чораси ўзгартирилиши кераклигини айтган.
Мавзуга оид
21:24 / 17.06.2026
Ўзбекистон инвестициявий салоҳиятини изчил ошириб бормоқда - Саида Мирзиёева
17:21 / 17.06.2026
Саида Мирзиёева Михаил Мишустин билан иқтисодий ҳамкорликни муҳокама қилди
09:16 / 17.06.2026
Саида Мирзиёева АҚШ Эксимбанки ва DFC раҳбарлари билан музокара ўтказди
20:58 / 16.06.2026