Хитой етказиб берувчилари ишончлилигини текширишнинг 15 усули
Хитойлик етказиб берувчилар билан иш бошлашда кўп тадбиркорлар “У ҳақиқатдан ҳам ўша таъминловчи – етказиб берувчими?”, “У билан иш бошлаш қай даражада хавфсиз?”, “Унга олдиндан тўлов ўтказиш мумкинми?” деган саволларга дуч келадилар.
Ахир минг километр масофада туриб ва фақат интернет орқали мулоқотда бўлиб, фирибгар қўлига тушиб қолмаслигингизга кафолат бера олмайсиз. Табиийки, хитойлик таъминловчилар, етказиб берувчилар шубҳадан холилигини текширишнинг энг ишончли усули фабрикага ташриф буюриш ва уни аудит текширувидан ўтказишдир. Аммо бу жуда қимматга тушадиган иш, айниқса, ҳар бир етказиб берувчини тўлиқ аудит текширувидан ўтказиш мантиққа тўғри келмайди!
Шу ерда савол туғилади: “Қандай қилиб Хитой компаниялари қонунийлигини самарали ва харажатларсиз текшириш мумкин? Қандай қилиб шубҳали туюлган етказиб берувчиларни ажратиб олиш ҳамда бунинг учун куч, вақт ва маблағ сарфламаслик мумкин?»
Потенциал етказиб берувчини баҳолашда энг биринчи қадам унинг қонунийлигини текшириш ҳисобланади. Шундан сўнггина фабриканинг имкониятларини (ишлаб чиқариш имкониятлари, иш тажрибаси даражаси, стандартларга амал қилиш ва сертификатларнинг мавжудлиги, ишлаб чиқаришни ташкил қилиш даражаси) баҳолашингиз, шунингдек саволларга жавоб олиш ва ҳамкорлик қилиш истагингизни билдиришингиз мумкин.
1. Расман қуйидагиларни сўранг:
- корхонанинг хўжалик фаолиятини юритиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома. Унда корхонанинг асосий идентификацион белгиси ҳисобланган ташкилотга берилган, бир хил шаклга келтирилган кредитга лаёқатлилик коди кўрсатилган бўлади;
- Компаниянинг ташқи савдо фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар:
- Ташқи савдо фаолияти иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтиш шакли – тегишли маъмурий-ҳудудий бирликнинг тижорат бўлими муҳри билан рўйхатдан ўтиш шакли;
- юк жўнатувчи сифатида божхона рўйхатидан ўтказиш ёки божхона декларанти;
- товарларни экспорт ва импорт қилишда текшириш учун сифат назорати органларида рўйхатдан ўтказиш.
- экспорт лицензияси;
- раҳбар ёки менежернинг шахсини тасдиқловчи гувоҳнома нусхаси ва имзо қўйиш учун ишончнома, агар зарурат туғилса;
- ISO, CE, TUV GS, RoHs, UL, Ansiсифат сертификатлари ва ҳоказо.
- Охирги йил давомида шунга ўхшаш товарларни сотиб олган бошқа хорижий мижозларнинг тавсиялари. Аниқ мижозлар билан қайтадан алоқага чиқиш етказиб берувчида керакли ваколатлар мавжудлигини тасдиқлашга ва эҳтимолий муаммоларни аниқлашга ёрдам беради.
Бу ҳужжатларни хитойликлар сизга биринчи талабнома билан ҳеч қандай муаммоларсиз жўнатишлари керак. Унда рўйхатга олиш дафтарида корхонанинг рўйхатга олиш рақами мавжуд бўлиб, бу орқали маҳаллий саноат ва савдо бошқармасига сўровнома юбориш мумкин бўлади (Administration for Industry and Commerce ёки аниқ вилоят, маъмурий бўлинма бўйича бошқарма). Фақат бирдан-бир ягона жиҳати, сўровнома хитой тилида ёзилиши керак.
Агар фабрика асосан Хитой ички бозори учун мўлжалланган бўлса, у ҳолда унинг экспорт лицензияси бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолда у импорт-экспорт компанияси билан ҳамкорлик қилади ва тегишли ҳужжатларни ушбу компания орқали жўнатади.
2. Компанияларнинг мақомини Alibaba ва Global Sources каби бизнес-сайтлардан қараб чиқинг. Улар сайтларда рўйхатдан ўтган компанияларнинг қонунийлигига кўпроқ эътибор қаратишмоқда. «GoldSupplier» ёки «VerifiedSupplier» мақоми ва ундаги иш стажи кўп нарсани англатади. Шунингдек, етказиб берувчини аудит текширувидан ўтказиш учун ишоралар ҳам кўрсатилиши мумкин. Етказиб берувчи Escrow тизимидан фойдаланадими ёки йўқ, эътибор беринг (ушбу тўлов тизими харидор томонидан товар олинганлиги тасдиқланганидан сўнг етказиб берувчига пулни тўлайди).
3. Компания номи ва унинг электрон почтасини қидирув тизимлари орқали текширинг, компания қачон рўйхатдан ўтган, бизнес-сайтларда қанча вақтдан бери мавжудлигини кўриб чиқинг. Қонуний етказиб берувчи деярли ҳамма жойда қатнашишга ҳаракат қилади, ўзи ҳақидаги маълумотларни максимал даражада кенгроқ тарқатади, фирибгар эса ҳамма тўсиқлардан ўта олмайди. Чунки ҳар бир бизнес-сайт компанияларни рўйхатдан ўтказаётганда текширишга ҳаракат қилади. У ерда тўлдириш мажбурий бўлган маълумотлар мавжуд, уларни тўлдирмасдан рўйхатдан ўтиш мумкин эмас.
4. Ушбу компанияга берилган баҳоларни интернетдан қидириб кўринг. Агар фабриканинг Aliexpress сайтида саҳифаси мавжуд бўлса, ушбу фабрика товарларининг “жонли” харидорлари изоҳларини топиш мумкин. Батафсил маълумот олиш учун, шунингдек компанияни Хитой қидирув хизматлари орқали, масалан http://www.made-in-china.com сайтининг компания суратлари, видеоёзувлари ва ҳисоботлари тўпланган “Аудит” бўлимидан текшириш керак.
Компанияни қуйидаги сайтлар орқали текширинг: https://www.qichacha.com,
http://www.gsxt.gov.cn, http://msb.trademarkjs.com, http://pccz.court.gov.cn.
5. Компания номини кўплаб хорижий сайтларда эълон қилинган скаммерлар (фирибгарлар) рўйхатидан топиш мумкин. Лекин бу рўйхатлар чеклашлар туфайли етарли даражада самарали эмас, деб ҳисоблайман. Қидирув тизимида «scam» сўзи ёнига компания номини ёзиш осон ва самаралироқ (энг яхшиси бир неча вариантда).
6. Корхонанинг расмий интернет саҳифасига киринг, у албатта бўлиши керак. Whois-сервис хизматларидан бири ёрдамида, масалан, http://whois.domaintools.com орқали бу сайт қачон яратилган ва у кимга тегишли эканлигини кўриб чиқинг. Агар у бир ёки икки йил олдин яратилган бўлса, шубҳага олиб келади, лекин рўйхатдан ўтказилганига бир неча ой бўлган бўлса – бу 100 фоиз фирибгарлик.
7. Шунингдек, сайт неча тилда эканлиги ҳам жуда муҳим. Агар сайт фақат инглиз тилида бўлса, бу ҳушёр бўлишга ундайди. Сайтнинг хитой тилидаги варианти бўлиши шарт! Шунингдек, бошқа, Европа ва шарқ тиллари ҳам бўлиши мумкин. Бу кўпинча, компания ишлайдиган асосий бозорлар билан боғлиқ.
8. Алоқа ўрнатиш учун кўрсатилган контактларга алоҳида эътибор қаратинг.
Қонуний бўлган Хитой компанияларида албатта шаҳар телефони ва факс бўлиши керак, чунки телефон рақамлари фақат рўйхатдан ўтган ташкилотларга берилади (ҳатто хитойликларнинг ўзлари ҳам фирмаларни шу йўл билан текширадилар). Аксинча, одатдаги скаммер – фирибгарлик алоқалари намунаси – бу бепул хостингдаги электрон почта (масалан, «@126.com», «@168.com»), мессенжер ва телефон. Яъни барча алоқа воситалари яширин, номаълум, аслини олганда уларни бир неча дақиқада рўйхатдан ўтказиш мумкин. Ёки улар ҳақиқатга мос келмайди. Кўрсатилган телефон рақамлари бўйича қўнғироқ қилиб кўринг, шунингдек унинг кўрсатилган манзилга мос келишини текширинг. Бундан ташқари, банкдан муайян компаниянинг банкда ҳисоб рақами мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида маълумот сўраш мумкин.
9. Маҳсулот намуналарини сўраш. Одатда, скаммерлар – фирибгарлар намуналарни жўнатишга қизиқмайди. Намуналарни жўнатишнинг кечикиши бундай корхона йўқлиги ёки унинг воситачи эканлигидан далолат беради.
10. Тўлов шартларига эътибор қаратинг. Фирибгарлар учун одатий шартлар – бу улар Western Union тизими орқали ўтказилишини сўрайдиган тўлиқ ёки қисман олдиндан тўловни амалга оширишдир. Жиддий компанияларга маблағларни расмий банк ҳисобига ўтказиш ёки аккредитив орқали тўлаш каби тўлов шартлари хосдир (L/C). Банкдаги расмий ҳисоб реквизитларини талаб қилинг. У хусусий шахсга эмас, юридик шахсга тегишли бўлиши керак.
Намуналарни сотиб олиш харажатларини тўлашда PayPal тизимидан фойдаланишга йўл қўйилади, чунки ушбу тўлов хизмати маблағларни қайтариб олиш имкониятини қўллаб-қувватлайди.
11. Хитойга виза олиш учун таклифнома талаб қилиш. Таклифнома расмий хат ҳисобланади ва ҳақиқий компания ҳеч қандай муаммоларсиз юборади. Фирибгарлар эса сизни ишлаб чиқаришга таклиф қилишдан манфаатдор эмаслар ва Хитой элчихонасининг эътиборини жалб қилишни хоҳламайдилар.
12. Компанияга қўнғироқ қилинг ёки скайп орқали суҳбатлашинг, видеоқўнғироқ яна ҳам яхши. Компаниянинг ҳисоб рақами тўғрисида саволлар беринг, уларнинг реакциясига қаранг.
13. Етказиб берувчининг сайтида маҳсулот ва ишлаб чиқариш суратини диққат билан кўриб чиқинг. Улар бошқа манбалардан олинган ёки оддий нусха кўчирилганга ўхшайдими?
14. Етказиб берувчининг хатларига диққат билан қаранг. Жиддий етказиб берувчи компаниянинг кўрсатилган барча реквизитлари, манзили, алоқа маълумотлари ва ҳатто компания логотипи билан шаблон имзосига эга. Скаммерлар – фирибгарлар кўпинча реквизитларсиз қисқа имзога эга бўладилар. Шунингдек, менежернинг қанчалик профессионал – ўз ишининг устаси эканлигини ҳам ҳисобга олинг, у хабарларга қанчалик тез жавоб беради, аниқ вақт режимида мулоқот қилиш имконияти мавжудми ва ҳоказо?
15. Фабрика манзили батафсил кўрсатилиши керак. GoogleMap ёки бошқа сунъий йўлдош орқали олинган фотосуратлар ёрдамида кўрсатилган манзилда нима жойлашганлигини кўриш мумкин. Ҳақиқатан ҳам бу йирик ишлаб чиқариш корхонасими ёки оддий офис биносими ёки бирор-бир бошқа объектми? Шунингдек, етказиб берувчининг географик ўрни билан Хитойнинг ушбу товар кўп ишлаб чиқариладиган ҳудуди орасидаги ўзаро муносабатни таққослаш фойдалидир. Агар улар ўзаро мос келмаса, у ҳолда демак у олибсотар ёки товламачи эканлиги эҳтимоли катта. Аксарият саноат тармоқлари муайян шаҳарлар ёки вилоятларда тўпланган, масалан:
- Шеньчжень: электроника
- Сюйчжоу: шишадан ясалган буюмлар
- Сяминь: тўқимачилик
- Юнкан: автомобиль эҳтиёт қисмлари
- Шаньтоу: ўйинчоқлар
- Дунгуань: пластикдан ясалган буюмлар
- Вэньчжоу: кўзойнаклар
- Сучжоу: никоҳ кўйлаклари
- Фошань: мебель
Етказиб берувчини масофадан туриб текширишнинг юқоридаги усуллари ишда катта ёрдам беради. Жуда катта буюртмаларда эса хавф-хатарни камайтириш учун ишлаб чиқарувчини тўлиқ аудит текширувидан ўтказиш мақсадга мувофиқдир.
Юқорида баён этилган тавсияларга амал қилиш, айниқса, нисбатан жуда катта бўлмаган суммаларга (масалан, 20-30 минг АҚШ доллари) битим тузишда муҳимдир, чунки Хитой томони билан низолар юзага келганда амалдаги юристларнинг гонорарлари юқори ставкада эканлиги сабабли уларга ёрдам учун мурожаат қилиш қийинлашади. Шунингдек, Хитой арбитраж органларига даъво аризаси топширилганда арбитраж йиғими (даъво аризаси суммасидан қатъи назар йиғим миқдорининг минимал суммаси 20 минг юанни ташкил қилади) тўлаш керак бўлади. Шу билан бирга, Хитой юристларининг гонорарлари қайтариб берилмайди.
Бир қатор юридик фирмалар ҳақ тўлаш асосида ихтисослашган хизмат турини – Хитойдаги компанияларнинг ишончлилигини текшириш хизматини кўрсатади. Бундай текширув компания ХХР қонунчилиги талабларига мувофиқ рўйхатдан ўтганлигини ишончли тарзда аниқлаш, шунингдек, компания тўғрисидаги барча асосий маълумотлар, фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун ҳужжатларда келтирилган асосий маълумотларни тўплаш, офис, унинг филиаллари ва ишлаб чиқариш корхонаси жойлашган манзил, асосий етказиб берувчилар ва харидорлар тўғрисидаги маълумотлар, банк реквизитлари ва банк билан ўзаро муносабатлар ҳолатини аниқлаб бериш имконини беради. Бундан ташқари, компаниянинг кўчар ва кўчмас мулклари текширилиши, рўйхатдан ўтган ҳужжатлар нусхалари (масалан, хўжалик фаолияти юритиш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома), шунингдек, компаниянинг охирги ҳисобот йилидаги асосий молиявий кўрсаткичлари тақдим этилиши керак.
Олимжон Тошпўлатов,
“ALimkhan Exim Group” ташқи савдо компанияси раҳбари.
Мавзуга оид
20:39 / 13.11.2024
Хитой орбитага юк ташувчи кўп марталик космик кемасини намойиш этди
17:53 / 13.11.2024
Ўзбекистон олтин ишлаб чиқарувчи давлатларнинг етакчи ўнталигига кирди
18:44 / 12.11.2024
Хитойда автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди
22:21 / 11.11.2024