Хитойлик мутахассислар 24 та оптик ўзакка эга толада реал вақтда икки томонлама маълумот узатиш синовини ўтказди. Тажрибада секундига 3,2 петабит, яъни 3 миллион 200 минг гигабитлик умумий узатиш тезлигига эришилган.
Тадқиқотчилар бу натижани битта оптик тола орқали реал вақтда икки томонлама маълумот узатиш сиғими бўйича янги жаҳон рекорди деб баҳоламоқда.
Тажрибада Хитой ахборот ва коммуникация технологиялари корпорацияси — CICT таркибидаги Оптик алоқа технологиялари ва тармоқлари миллий лабораторияси, Pengcheng лабораторияси ҳамда Fiberhome Fujikura Fiber Optic Technology компанияси мутахассислари иштирок этган.
Синов учун 10,3 километр узунликдаги кўп ўзакли оптик толадан фойдаланилган. У орқали маълумотлар бир вақтнинг ўзида ҳар икки йўналишда узатилган. Эълон қилинган 3,2 петабитлик кўрсаткич ана шу узатишнинг умумий сиғимини ифодалайди.
Тизимнинг асосий хусусияти — битта оптик тола ичида 24 та алоҳида ўзак мавжудлиги. Уларнинг ҳар бири ёруғлик сигналлари орқали маълумот узатиш учун мустақил йўл вазифасини бажаради.
Тадқиқотчилар S, C ва L деб белгиланадиган учта тўлқин узунлиги диапазонидан фойдаланган. Бу ёндашув маълумотларни турли ўзаклар бўйлаб параллел узатиш технологияси билан бирлаштирилган. Натижада битта тола ичида минглаб параллел узатиш каналлари ҳосил қилинган.
Маълумотларни реал вақтда барқарор узатиш учун тижорий когерент оптик модуллар ва сигнални шакллантиришнинг такомиллаштирилган усуллари қўлланган. Ўзакларнинг жойлашувини оптималлаштириш эса улар ўртасидаги ўзаро халақитларни камайтиришга ёрдам берган.
Тадқиқотчилар келтирган таққослашга кўра, C ва L диапазонларида ишлайдиган одатий бир ўзакли G.652 оптик толали тизимларнинг сиғими тахминан секундига 100 терабитни ташкил этади. Янги тизимнинг умумий узатиш сиғими шу кўрсаткичдан 32 баробар юқори.
Шунингдек, жамоа ўзи ишлаб чиққан оптик модулларда S диапазонида ҳар бир тўлқин узунлиги учун секундига 400 гигабит, C ва L диапазонларида эса секундига 1,2 терабит тезликда реал вақтда маълумот узатишни синаган.
Айни тадқиқотчилар жамоаси жорий йилнинг март ойида 24 ўзакли оптик толада секундига 2,5 петабитлик икки томонлама узатиш натижасини тақдим этган эди. Янги кўрсаткич ундан тахминан 28 фоиз юқори.












