Ҳаётда ўлчамли, миқдорли бўлмаган ҳеч бир нарса йўқ. Қолаверса, қадимда ҳам, бугунги кунда ҳам ҳар бир нарса сифати билан ўлчанади. Барча нарсанинг талаб ва меъёрлари мавжуд. Тановул қилаётган таомларимиз-у, кияётган либосларимиздан тортиб, яшаб турган хонадонимиз ва бошқараётган автомобилимизгача – барчасининг талаблари бор.

Ўзбекистонда стандартлаштириш, сифат назорати соҳасидаги ҳолат қандай? Тизимда қандай ютуқ ва камчиликлар бор? Соҳага оид масалалар юзасидан «Ўзстандарт» агентлиги бош директори Дилшод Сатторов билан суҳбатлашдик.

Сифат инфратузилмаси ҳақида

— Маҳсулотнинг сифати, хавфсизлиги жуда долзарб. Шу сабаб 28 сентябрда ҳам йиғилиш бўлиб ўтди. Бу йиғилишда миллий сифат инфратузилмасини шакллантириш, миллий сифат инфратузилмаси муҳитини яратиш масалалари кўриб чиқилди. Бугун бизнинг олдимизда турган муҳим вазифа ҳам маҳсулотлар сифати ва уларнинг хавфсизлигидир.

«Ўзстандарт» бу – махсус сифат инфратузилмаси ва у бир яхлит тизим. Яъни агентликнинг ўз вазифалари бор. Бундан ташқари, сифат инфратузилмаларида синов лабораториялари, мувофиқликни баҳолаш, сертификатлаштириш идоралари, аккредитация маркази, стандартлаштириш институти ва шу йўналишда хизмат кўрсатадиган ҳамда меъёрий ҳужжатларини тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар билан бирга ишлаб чиқарадиган стандартлаштириш институтлари бор.

Шунинг учун ҳар биттасининг фаолиятини алоҳида бугунги кунда яртилган тизим бўйича баҳолаб боряпмиз. Ҳар бир йўналишдаги камчиликлар, муаммоларнинг таҳлилини қилиб, бу борада бир қатор қарорлар қабул қилинган. Бевосита тадбиркорлар учрашганда ҳам маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатишдаги қонунчиликка тўғри келмайдиган ҳолатлар барчаси биргаликда ўрганиляпти.

«Мувофиқлик сертификати хорижда ҳам ишончли бўлиши керак»

— Мақсад экспортбоп маҳсулотларнинг сифатли эканини тасдиқлаш. Яъни синов лабораториялари холисона, шаффоф ишлаши ҳамда ўзи ўтказган синовлар ҳақида баённомалар тузиб, мувофиқлик сертификатларини расмийлаштириши керак. Мувофиқлик сертификатлари ички ва ташқи ишлаб чиқарувчиларга ҳамда истеъмолчилар учун ишончли бўлиши керак.

Бунинг учун, аввало, халқаро аккредитацияга ўтиш, синов лаборатория базасини янгилаш, такомиллаштириш ва энг асосийси кадрлар тайёрлаш йўналишида ишлар олиб борилиши лозим. Хусусан, ҳар бир лаборатория йўналишига мутахассисларни тайёрлаш бўйича Жаҳон банки билан лойиҳа амалга ошириляпти. Бунинг доирасида янги, замонавий, мураккаб ускуналар билан ишлайдиган мутахассислар тайёрланмоқда. Улар инглиз тилини ўрганиб, ўз билимини оширмоқда.