Халқ таълими вазирлиги маълумотига кўра, республикада 86 та жисмоний ва ақлий ривожланишида нуқсони бор болалар учун ихтисослашган мактаб ва мактаб-интернатлар мавжуд. Уларда жами 21 363 нафар ўқувчи таълим олади.

Ҳозир махсус мактабларда 1–4-синфлар анъанавий шаклда ўқимоқда. Уйи яқин 5­­–12-синф ўқувчилари қатнаб, қолганлари эса онлайн шаклда ўқимоқда. Шунда мазкур йўналишдаги тахминан 45-47 фоиз ўқувчи онлайн шаклда ўқимоқда.

Имконияти чекланган болалар оддий болаларга қараганда кўпроқ эътиборга муҳтож, пандемия шароитида улар учун таълимнинг масофавий йўлга қўйилиши яна янги муаммолар юзага чиқишига олиб келди.

Кўзи ожиз болаларни масофавий ўқишда нималар қийнамоқда?

Оқмурод Отамуродов, 77-сонли ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернати математика-информатика фани ўқитувчиси:

— Кўзи ожизлар ва заиф кўрувчилар учун ихтисослашган мактабда биз болаларнинг кўз касалликларидан келиб чиқиб дарсни тақсимлаймиз. Кўз касалликлари турлича ва кўзга оғирлик тушмаслиги учун болаларнинг ҳар бирига индивидуал ёндашилади. Соғлом болаларга қараганда, кўриш билан муаммоси бор болаларнинг ёзиш тезлиги 2-3, гоҳида 4 баравар паст бўлади. Ўқиш тезлиги эса 2-3 баравар паст бўлади. Улар бармоқ сезгиси асосида ўқийди, учи тўмтоқ махсус қалам – грифел асосида қоғозни ўйиб ёзишади. Бу энергия талаб қилади.

Баъзида битта тенглама бир нечта бетга ёзилади, 12 варақли дафтар 10тагина мисол билан тўлиб қолиши мумкин.

Одатий дарсларда ўқитувчилар геометрия китоби бўлмагани учун ўқитувчилар геометрик шаклларни қўлда ёки Брайл принтерида чоп этиб, ўқувчиларга кўрсатар эди. Тасаввур ҳосил қилиш учун шу усулдан фойдаланганмиз.

Пандемия шароитида эса онлайн ўқиш таълимга таъсир қилди. Масалан, кўп жойларда интернет тезлиги яхши эмас, аксар ўқувчиларда сенсор экранли телефонлар йўқ, ота-онасида шундай телефон борлар ҳам уларнинг ишдан қайтишини кутиб қолишади.

Шунингдек, умумтаълим мактабларида битта фан бир дарсликдан иборат бўлса, кўзи ожизлар махсус мактабида бир китоб 6–7, математика дарсликлари 8–9та китобдан иборат бўлади. Пандемияда дарсликларни тез-тез кутубхонадан алмаштириб туриш имкони ҳам кўпида йўқ.

Бундан ташқари, ўқитувчиларнинг овозли тарзда мавзуларни тушунтиришининг ўзи ўқувчиларнинг ўзлаштириши учун етарли бўлмаяпти. Чунки бирор янги мавзу бошлашдан олдин ундаги элементлар обдон тушунтирилиб, ўқувчиларда тасаввур пайдо бўлгач, кейин у ҳақида маълумот бериларди. Ҳозир онлайн дарсда мавзу бирданига тушунтириб кетилса, болалар ҳали тасаввур пайдо бўлмасдан маълумотларни ўзлаштира олмайди.